Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, таниқли адиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси — спичрайтер Хайриддин Султоновга «Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси» фахрий унвони берилди.
Қайд этилишича, мазкур юксак унвон бугун ўзининг муборак 70 ёшини нишонлаётган адибга муносиб эътироф сифатида тақдим этилди.
Хайриддин Султонов 1956 йил 19 январда Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилган. У 1978 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган.
Адиб меҳнат фаолиятини “Гулистон” журналида бошлаб, кейинчалик “Ёшлик” журнали, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида самарали фаолият олиб борган.
Хайриддин Султоновнинг “Қуёш барчага баробар”, “Бир оқшом эртаги”, “Онамнинг юрти”, “Умр эса ўтмоқда”, “Бобурнинг тушлари”, “Бобурийнома” маърифий романи, “Тўқчилик ва йўқчилик”, “Саодат соҳили” каби қатор насрий асарлари нашр этилган. Шунингдек, у “Чангак”, “Мозийдан бир саҳифа”, “Меҳробдан чаён” каби видеофильмлар, “Тушларимда кўриб йиғлайман”, “Ёлғиз ёдгорим” номли бадиий ва ҳужжатли фильмлар сценарийлари муаллифи ҳисобланади.
Адиб моҳир таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган бўлиб, А. Сент-Экзюпери, Ю. Нагибин, В. Шукшин, В. Распутин, А. Якубан, С. Цвигун, О. Ипатова каби машҳур адиблар асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Хайриддин Султонов хизматлари давлат томонидан юқори баҳоланиб, 1996 йил “Шуҳрат” медали, 2003 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2006 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда 2016 йил “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
