Ўзбекистонда “ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади

Президентнинг “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–14-сон, 2026 йил 19 январь) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 майдан эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари ҳузурида сунъий интеллект асосида ишловчи, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имкониятига эга “ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади.

Маълум қилинишича, дастлабки босқичда ушбу шохобчаларда белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади. Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи хизмат кўрсатиш тартибида тақдим этиладиган хизматлар турлари босқичма-босқич кенгайтириб борилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 майдан Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига электрон кириш визаси асосида Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визалари амал қилиш муддатини бир марта 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани расмийлаштириш ваколати ҳам Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан талабаларни талабалар ётоқхонасига жойлаштириш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда уларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.