Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ортидан табиий газга бўлган талаб ошди. Шу муносабат билан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари — метан “заправка”лар фаолиятига вақтинча чекловлар киритилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, совуқ об-ҳаво шароитида айрим ҳудудларда газ қувурларида босим пасайиши ҳолатлари кузатилмоқда. Шу сабабли аҳоли хонадонлари, шунингдек тиббиёт ва таълим муассасаларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Маълум қилинишича, жорий чекловлар аҳоли учун барқарор газ таъминотини таъминлашга қаратилган. Вазият барқарорлашиши билан метан “заправка”лар фаолияти босқичма-босқич тикланади.
Шу билан бирга, жамоат транспорти ҳамда ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз ва барқарор тарзда амалга оширилади. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган хизматлар узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳудудлардаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, қўшимча маълумотлар тақдим этилиши билдирилди.
