2025 йилда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш кутилма ва прогнозларга нисбатан юқори шаклланиб 7,7 фоизни ташкил этган. Бунда, саноат (6,8 фоиз), бозор хизматлари (14,7 фоиз) ҳамда қурилиш (14,2 фоиз) секторларидаги юқори ўсиш юқори иқтисодий ўсишнинг драйверлари бўлган.
Таъкидлаш керакки, минтақамизнинг бошқа давлатларида ҳам худди биздаги каби “боом” кузатилмоқда. Минтақадаги юқори ўсиш суръатлари, нисбатан мақбул ташқи шарт-шароитлар шунингдек, юқори ички истеъмол ва инвестиция билан изоҳланиши мумкин.
2025 йилда Марказий Осиёда энг юқори ўсиш Қирғизистонда қайд этилган. Ўтган йилда Қирғиз иқтисодиёти реал кўрсаткичларда 11,1 фоизга ўсган. Тожикистон ва Қозоғистонда эса ўсиш суръатлари мос равишда 8,4 фоиз ҳамда 6,5 фоизни ташкил этган.
2025 йилдаги ўсиш Қирғизистон учун тарихий максимум бўлса, Қозоғистонда бундай юқори ўсиш 2011 йилдан буён кузатилмаган эди.
Бошқа томондан Россияда ўсиш секинлашишда давом этмоқда. 2024 йилда Россия иқтисодиёти 4,3 фоизга ўсган бўлса, 2025 йилда ўсиш 1 фоизгача секинлашган.
