Трамп ўзи тузаётган Тинчлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиши мумкин 

АҚШ президенти Доналд Трамп давлат раҳбари лавозимини тарк этганидан кейин ҳам ўзи тузаётган Тинчлик кенгашига раҳбарлик қилишда давом этиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уйдаги юқори мартабали манбага таяниб, Bloomberg хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, Кенгаш раиси лавозими Трампга чекланмаган муддатга бириктирилади яъни у фақат ўзи истеъфога чиқишни хоҳлагунига қадар ушбу лавозимни эгаллаб туради. Шу билан бирга, АҚШнинг кейинги президенти Кенгашга мамлакат номидан иш юритадиган ўз вакилини тайинлаши мумкин, бироқ органга умумий раҳбарлик унинг асосчиси қўлида қолади.

Дастлаб Тинчлик кенгаши Трампнинг тинчлик режаси доирасида ҳарбий можаро якунлангач, Ғазо секторини бошқариш учун мўлжалланган тузилма сифатида кўрилган. Бироқ Bloomberg танишиб чиққан низом лойиҳасига кўра, Кенгашнинг ваколатлари анча кенг бўлиши кутилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, янги орган Яқин Шарқни тартибга солишдан ташқари вазифаларни ҳам бажариши, келажакда эса халқаро масалаларни ҳал этиш бўйича муқобил глобал майдон ролига даъвогарлик қилиши мумкин. Бу масалалар билан одатда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шуғулланади.

Агентлик манбалари Тинчлик кенгаши концепцияси бўйича муҳокамалар ҳали ҳам давом этаётганини, унинг якуний тузилмаси ва ҳуқуқий мақоми эса ҳозирча тасдиқланмаганини таъкидлаган. Янги халқаро органни ташкил этиш ғояси яқин халқаро форумларда муҳокама мавзусига айланиши кутилмоқда.