2026 йил 1 февралдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланади. Бундай автомототранспортлар давлат рўйхатидан чиқарилади. Бу ҳақда 20 январь куни ҳукумат қарори қабул қилинди.
Шунингдек, 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, кон ва карерларда қўлланиладиган махсус техника, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар ҳамда “антиквар” транспорт воситалари учун алоҳида серияли давлат рақам белгилари жорий этилади.
Автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида зарур ҳужжатлар ваколатли идоралардан идоралараро электрон тизим орқали олинади.
Бундан ташқари, автомототранспорт рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномада мулкдор манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.
