Онадўлининг сири: тарихий топилмалар хазинаси

Онадўлининг сири: тарихий топилмалар хазинаси

Минг йиллар давомида цивилизациялар маркази бўлиб келган Онадўли бугунги кунда ҳам инсониятнинг муштарак тарихий меросини ўзида сақлаб келмоқда. “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида археологик тадқиқотлар мамлакат бўйлаб кенгайтирилиб, археология соҳасида янги ва динамик босқич бошланди. Ўтган йили турли давр ва цивилизацияларга оид муҳим археологик топилмаларнинг аниқланиши Туркияни инсоният тарихини акс эттирувчи очиқ осмон остидаги музейга айлантирди.

Неолит даври кашфиётлари

Шанлиурфа ҳудудидаги неолит даврига оид қазилма майдонларини қамраб олган “Тош тепалар” лойиҳаси ўтган йили муҳим археологик кашфиётлар билан эътибор қозонди.

Караҳантепеда учта ҳайвон тасвири туширилган, ҳозирча энг қадимги уч ўлчамли мифологик ифодалардан бири сифатида баҳоланаётган кичик идиш топилди. Шунингдек, юз қисмида инсон қиёфаси ўйиб ишланган Т шаклидаги устун ҳам аниқланган.

Бундан ташқари, Гўбеклитепе ёдгорлигида қурбонлик мақсадида деворга кўмилган инсон ҳайкалчаси, Сайбурчда эса оғзи тикилган марҳум тасвирланган инсон ҳайкали топилди.

Сефертепе ҳудудида аниқланган икки инсон юзи релефи ҳамда икки юзли мунчоқ эса неолит даври маданиятига оид муҳим илмий маълумотларни бойитди.

Қадимги Трояда ҳашамат ва ҳокимият рамзлари

Чанаккаледаги Трояда олиб борилаётган қазишмалар чоғида илк бронза даврига (милоддан аввалги тахминан 2500-йиллар) оид олтин тўғнағич ҳамда бир вақтлар ҳашаматли буюмнинг таркибий қисми бўлган ноёб нефрит тоши топилди. Ижтимоий мавқе ва ҳокимият рамзи сифатида фойдаланилган ушбу тўғнағич дунёда маълум бўлган учта намунадан энг яхши сақланиб қолгани ҳисобланади. У сўнгги 100 йил ичида аниқланган энг муҳим типологик ва тарихий кашфиётлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Усмонийлар денгизчилигига оид сув ости кашфиётлари

Датча яқинида олиб борилган сув ости археологик қазишмаларида Туркияда ягона маълум бўлган ХVII асрга оид Кизлан кемаси ҳалокатидан 30 дан ортиқ милтиқ, 50 дан зиёд граната, минглаб ўқлар, усмонлилар даврига мансуб тамаки қувурларининг энг йирик тўплами ҳамда Хитой чинни буюмлари топилди. Мазкур топилмалар Усмонийлар империясининг денгиз ҳарбий салоҳияти, савдо алоқалари ва кундалик ҳаётига доир қимматли маълумотлар беради.

4 500 йиллик бутлар

Археологлар Ғарбий Онадўлидаги энг йирик бронза даври аҳоли пунктларидан бири Кутаҳядаги Тавшанли Ҳўюкда 4500 йиллик бутларни аниқладилар. Мармар, суяк ва терракотадан ясалган ушбу бутлар ўчоқ атрофига жойлаштирилган ҳолда топилган бўлиб, улар ўша даврнинг диний эътиқодлари ва маросим амалиётларини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.

Қора денгизда илон сочли Медуза тасвири

Бартин ҳудудидаги қадимий Амастрис шаҳрида жойлашган, қарийб 2 000 йиллик тарихга эга стоа “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида реставрация қилинмоқда. Тиклаш ишлари давомида Медузанинг камёб — табассум қилаётган тасвири топилди. Мифологияга кўра, Медуза —илон сочли ва ўткир тишли ҳамда унга қараган ҳар қандай кишини тошга айлантирадиган махлуқ аёл сифатида тасвирланади.

Сераписга бағишланган Эфес кашфиёти

Эфес (Измир)даги ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудда Миср худоси Сераписнинг бўртма тасвири туширилган терракота тутатқи идиши топилди. Идишнинг орқа томонидаги ёзув туфайли у аввалроқ Терас уйларидан топилган айнан шундай артефакт билан боғланди. Бу эса Эфесда бир хил турдаги буюмларни ишлаб чиқарган устахона мавжуд бўлганини ёки бундай маҳсулотлар мунтазам савдо орқали тарқатилганини кўрсатади.

Карамандаги муқаддас нонлар

Топрактепе (Эиренеполис) ҳудудидаги археологик қазишмалар чоғида милодий VII–VIII асрларга оид бешта карбонлашган нон топилди. Мутахассисларнинг фикрича, Мальта хочи нақшлари ва Исо алайҳиссалом тасвири туширилган ушбу нонлар илк насронийлик маросимларида қўлланилган муқаддас (сакраментал) нонлар бўлиши мумкин. Бу топилмалар ўша даврнинг диний амалиётлари ва эътиқодини ёритишда муҳим аҳамиятга эга.

Вандаги энг катта пифослар

Ван вилоятининг Кевенли қалъаси харобаларидаги қазишмалар пайтида урартулар томонидан нефт, дон ва ичимликларни сақлаш учун фойдаланилган 76 та миххат ёзувли пифос (йирик сақлаш идишлари) аниқланди. Ушбу пифос тўплами ҳозиргача Ванда аниқланган энг йирик сақлаш мажмуаси ҳисобланади.