5 гектар ерни 400 минг долларга сотмоқчи бўлган “ерсотар” қўлга тушди

Фарғона вилояти Боғдод туманида ер муносабатлари билан боғлиқ йирик қонунбузарлик фош этилди. Муқаддам судланган шахс маҳаллий тадбиркорга кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдонини мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

У 2020 йилда кам таъминланган ва ишсиз ёшлар учун иссиқхона ташкил этиш мақсадида ажратилган 29 гектар ер майдонидан 5 гектар қисмининг тоифасини ўзгартириб бериш эвазига 400 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, унинг мансабдор таниши — Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бош мутахассиси ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.