Одилхон қори Юнусхон ўғли ҳибсга олинди

Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидининг собиқ имоми Одилхон қори Исмоилов (Юнусхон ўғли) ҳибсга олинди. Бу ҳақда Поп туман суди расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, у жуда кўп миқдорда маблағларни ўзлаштириш, сохта тадбиркорлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. Одилхон қори аввалроқ БААга чиқиб кетган бўлиб, қидирув эълон қилинганидан сўнг қўлга олинган.

Айни пайтда у Наманган вилояти Поп тумани ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айблов қўйилган:

  • 167-модда – жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата
  • 179-модда – сохта тадбиркорлик
  • 184-модда – солиқ тўлашдан бўйин товлаш
  • 209-модда – мансаб сохтакорлиги
  • 227-228-моддалар – ҳужжатлар ва муҳрларни қалбакилаштириш

Ушбу иш доирасида яна бир неча шахслар — Т.А. Баротов, Ш.А. Хасанов, З.Ш. Қамчинбеков, Қ.Қ. Қурбонов ва А.К. Мухамедьяров ҳам айбланувчи сифатида иштирок этмоқда.

Мазкур жиноят иши бўйича суд мажлиси 2026 йил 28 январ кунига тайинланган. Ишни Поп туман суди кўриб чиқади.