Аҳолини рўйхатга олишда хатолар учун автоматик огоҳлантириш жорий этилди

Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида саволномани хато ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда тўлдирган фуқаролар учун автоматик огоҳлантириш тизими жорий этилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, айрим фуқаролар хонадондаги барча шахсларни, ер майдонлари, чорва ва паррандалар сонини тўлиқ кўрсатмаяпти.

Бундай ҳолатлар ахборот тизими орқали аниқланиб, саволномани қайта тўлдириш учун огоҳлантириш юборилади. Агар хатолик бартараф этилмаса, 4–28 февраль кунлари маҳалла вакиллари томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилади.

Таъкидланишича, тўпланган маълумотлар солиқ ёки текширувлар учун эмас, балки аҳолининг яшаш шароитлари ва инфратузилма эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида қўлланади ҳамда уларнинг махфийлиги кафолатланган.