Президент наркожиноятчилик, солиқдаги қонунбузарликлар ва коррупцияга қарши қатъий чоралар кўришни талаб қилди

Президент Шавкат Мирзиёев наркожиноятчилик, уюшган гуруҳлар ҳамда солиқ тизимидаги қонунбузарликлар масалаларига бағишланган йиғилишда масъул идоралар фаолиятини кескин танқид қилди. Давлат раҳбари жиноятларнинг ортида турган асосий манбалар ва “ҳомийлар”гача етиб боришда қатъият етишмаётганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, пойтахтда наркожиноятлар сони 4 мингдан ошган. Фош этилган 112 та уюшган жиноий гуруҳ 1 минг 300 дан ортиқ жиноят содир этган. Шу билан бирга, айбли деб топилган шахслар жазонинг ярмини ҳам ўтамасдан озодликка чиқиб кетмоқда. Оқибатда такрорий жиноятлар уч йил ичида 125 фоизга ошган.

Президент Администрацияси масалага жиддий киришгач, сўнгги уч ойда республика бўйича қарийб 50 та йирик наркогуруҳ фош этилган ва ярим тонна наркотик моддалар муомаладан чиқарилган.

Давлат раҳбари, шунингдек, айрим ўзбекистонликлар чет давлатларда уюшган жиноий гуруҳлар тузиб, фуқароларга нисбатан товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ўзбеклар иштирокидаги оммавий муштлашувлар мамлакат обрўсига жиддий путур етказмоқда. Ўтган йилнинг ўзида чет элда оғир аҳволга тушган 3 минг 700 нафар фуқаро Ватанга қайтарилган, 192 нафар шахс одам савдоси қурбони бўлган.

Йиғилишда солиқ тизимидаги муаммолар ҳам кескин танқид қилинди. Хусусан, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан “Чорсу” бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, “Малика” савдо комплексда эса аҳвол янада ачинарли экани қайд этилди. Комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор фаолият юритса-да, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25 фоизи эса ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаётгани аниқланган. Шунингдек, декабрь ойида пластик карталар орқали амалга оширилган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бюджет режасини яхши ишлаётган тадбиркорларга ортиқча тўлов қўллаш орқали бажармоқда. Жумладан, 46,4 минг корхонадан 876 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилган.

Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари ҳам кўпайган. Ўтган йилда мазкур солиқни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу йўналишга жавобгар бўлган ва етти йилдан бери ишлаб келган Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги танқид қилиниб, йиғилишда у лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Усманов Дилшод Абдурашидович ҳам лавозимидан олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Маълум бўлишича, у инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадларда ижарага бериб, 315 миллион сўм маблағни ўзлаштирган, иш фаолияти давомида гуруҳбозлик ва маишатбозликка берилган.

Ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.