Николай Валуев: «Марказий Осиё давлатларига ҳеч қачон таҳдид қилмаганман»

Марказий Осиё давлатларига ҳеч қачон таҳдид қилмаганман, тарқалган видео сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган, дея мурожаат қилди собиқ чемпион Николай Валуев.

Аввалроқ россиялик депутат, оғир вазн тоифасидаги собиқ жаҳон чемпиони Николай Валуев «Россия 30 йилдан буён собиқ совет республикаларига нисбатан юмшоқ сиёсат қўллагани, энди уларга қаттиқ чоралар кўриш зарурлигини» айтиб чиққани акс этган видеолар тарқалганди.

«Бу воқеа сунъий интеллект билан боғлиқ. Баъзи одамлар уни ишлатиб, айтилган сўзларни бузиш ёки ундан ҳам ёмони, ҳаммасини бошидан охиригача ўзлари истагандай яратмоқчи бўлишган. Мақсад нима? Жуда оддий, нафрат қўзғатиш. Бугунги кунда интернет нафақат фойдали маълумот манбаи, балки хавф манбаи эканлиги ҳаммага маълум. Видеоролик шаклида тақдим этилган маълумот ҳамиша кўрувчи ва тингловчини ишонтиришга мўлжалланган. Шу ерда сунъий интеллект жуда қулай восита бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги кунда технологиялар ёрдамида инсонлар иштирокисиз филмлар суратга олиниши мумкин – бу иш, аллақачон амалга оширилган. Фақат фарқи шундаки, энди бундай технология кенг оммага очиқ», — деган Валуев ўз мурожаатида.