АҚШ Олимпиада делегациясини қўриқлаш учун Италияга иммиграция полицияси (ICE) ходимларини юборади. Италия расмийлари бундан норози эканини маълум қилди. Бу ҳақда France 24 хабар берди.
ХХV қишки Олимпия ўйинлари Италиянинг Венето ва Ломбардия провинцияларида 6–22 февраль кунлари бўлиб ўтади. Ўйинларга АҚШ Миграция полицияси бўлинмаси — Миллий хавфсизликни ўрганиш хизмати ходимлари юборилади. Улар трансмиллий жиноий ташкилотлар билан боғлиқ “хавфларни камайтириш”да АҚШ Давлат департаменти хавфсизлик хизмати ва Италия ҳукуматига “ёрдам беради”.
Шу билан бирга, барча хавфсизлик операциялари Италия назорати остида қолади. ICE ходимлари Италияда иммиграция қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш тадбирларига жалб этилмайди. Америкалик собиқ амалдорга кўра, миграция ходимлари аввал ҳам АҚШ ва хориждаги йирик спорт тадбирларида, жумладан, Олимпиадаларда ишлаган. Улар одам ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида жалб этилган.
Италиялик сиёсатчилар иммиграция агентларининг мамлакатга келишидан норози
Милан мери Жузеппе Сала агентлар шаҳарда ижобий кутиб олинмаслигини таъкидлади. Европарламент аъзоси Алессандро Зан (Италия Демократик партияси) мамлакатда “инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ва демократик назоратдан ташқарида ҳаракат қилувчиларни” кўришни истамасликларини билдирди. “Italia Viva” партияси вакиллари эса АҚШ иммиграция агентларининг мамлакатга киришини тақиқлашга чақирди.
Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни эса сиёсатчилардан вазмин муносабатда бўлиши сўради.
“Гап Миннеаполис кўчаларида бўлган иммиграция ходимлари ҳақида кетмаяпти. Бу эсесчиларнинг (Гитлер давридаги нацистлар Германиясининг энг шафқатсиз тузилмаларидан бири бўлган.) келиши билан бир хил эмас”, деди у.
АҚШ иммиграция полициясидан норозиликка Миннеаполис шаҳридаги рейдда икки фуқаро (Претти ва Рени Гуд)нинг отиб ўлдирилиши ҳам сабаб бўлмоқда. ICE иккала ҳолатда ҳам агентлар ўзини ҳимоя қилишга уринганини даъво қилган. АҚШ президенти Дональд Трамп уларнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлаган. Аммо собиқ президентлар — Барак Обама, Билл Клинтон ва Байден бунга қарши чиққан ва иммиграция ходимлари ҳаракатини қоралаган.
