АҚШ ҳукумати сўнгги 50 йилда илк бор мигрантлар чиқиб кетиши ортишини прогноз қилмоқда

АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюроси (U.S. Census Bureau) томонидан тақдим этилган Vintage 2025 демографик баҳоларга кўра, мамлакат аҳолисининг ташқи миграция ҳисобига ўсиш суръати кескин секинлашган.

2024 йил 1 июлдан 2025 йил 30 июнгача бўлган даврда соф халқаро миграция кўрсаткичи (NIM) 1,3 миллион кишини ташкил этган. Бу эса ўтган йилги 2,7 миллионга нисбатан қарийб икки баробар кам.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2026 йил июлига бориб NIM 321 минг кишигача пасайиши мумкин. Агар ушбу тенденция сақланиб қолса, АҚШда сўнгги 50 йил ичида илк бор мамлакатдан чиқиб кетувчилар сони кириб келувчилардан ошиб кетиши эҳтимоли мавжуд.

Шу билан бирга, бюро мамлакат аҳолиси умумий ўсиш суръатлари ҳам пасайганини маълум қилди. Хусусан, 2024 йил 1 июлдан 2025 йил 1 июлгача аҳоли сони бор-йўғи 1,8 миллион кишига ошган, ҳолбуки, ундан олдинги даврда бу кўрсаткич 3,2 миллионни ташкил этган эди.

Бу ҳолат COVID-19 пандемияси бошланганидан бери АҚШдаги энг паст аҳоли ўсиши сифатида баҳоланмоқда.

2025 йил январда инаугурация маросимидан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп иммиграция сиёсатини кескинлаштириш тарафдори эканини бир неча бор таъкидлаган. Бир ҳафта аввал АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм маълум қилишича, президент маъмурияти фаолиятининг бир йили давомида мамлакатни тахминан 3 миллион нафар ноқонуний мигрант тарк этган.

Уларнинг:

  • 2,2 миллиони АҚШни ихтиёрий равишда тарк этган,
  • 675 мингдан ортиғи эса мажбурий равишда депортация қилинган.

Бу ҳақда вазир X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилган.