Афғонистонда 2026 йилдан бошлаб янгиланган жиноят кодекси кучга кирди. Янги қонунчиликка кўра, эр томонидан хотинига нисбатан қўлланилган жисмоний зўравонлик суяк синшига олиб келмаса, жиноят сифатида баҳоланмайди. Бундай ҳолатлар “таъзирини бериш” ёки “тарбиялаш” деб қаралмоқда.
Қонунга мувофиқ, агар зўравонлик натижасида аёлда очиқ жароҳатлар аниқланиб, у шифохонага ётқизилса, эркак икки ҳафтагача қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.
119 моддадан иборат янги жиноят кодекси амалда кучга кирган бўлиб, у 2009 йилда қабул қилинган “Аёлларга қарши зўравонликни бартараф этиш тўғрисида”ги қонунни автоматик равишда бекор қилади.
Янги тартибларга кўра, жабрланган аёллар судда даъвони исботлаш учун танасидаги жароҳатларни намойиш этишга мажбур. Шунингдек, суд мажлисларига эркак маҳрам билан келиш талаби жорий этилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу талаб амалда кўплаб аёллар учун судга мурожаат қилишни деярли имконсиз ҳолга келтиради.
Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ушбу қонунни кескин танқид қилиб, уни аёлларни “ҳуқуқсиз ва қарам ҳолатга тушириш”, ҳатто “қуллик даражасига тушириш” сифатида баҳоламоқда.
Шунингдек, Афғонистонда эркак шифокорлар бемор аёлларга нисбатан “маҳрам” сифатида тан олинди. Бу ҳақида Афғонистон Алоқа вазири Ҳамдулла Номани айтиб ўтди. Унинг айтишича, клиник амалиёт доирасида шифокорларга аёлларнинг танасининг бошқа эркакларга одатда тақиқланган қисмларини кўриш имконини берувчи диний ҳуқуқ берилди. «Мен, вазир сифатида, аёл кишининг юзига қарашга ҳаққим йўқ. Лекин сиз, шифокорларга, бундай ҳуқуқ берилган”, деди вазир.
Нутқи сўнгида Номани шифокорларни бу ҳуқуқни суиистеъмол қилмасликка чақирган.
