2026 йилда дунёнинг 26 давлатида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади

2026 йил давомида дунё бўйлаб қатор мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Бу жараён давлатлар учун аҳоли сони, демографик таркиби ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумотларга кўра, жорий йилда жами 26 та давлат ва ҳудудда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилади. Ушбу жараён Африка, Америка, Осиё, Европа ва Океания қитъаларини қамраб олади.

Африка қитъасида Камерун, Марказий Африка Республикаси, Чад, Конго Демократик Республикаси, Экваториал Гвинея, Габон, Гвинея-Бисау, Нигер ва Нигерияда рўйхатга олиш ўтказилиши режалаштирилган.

Америка қитъасида эса Канада (12 май куни) ва Кубада мазкур тадбир ўтказилади.

Осиё давлатлари орасида Ҳиндистон (1 апрель), Эрон Ислом Республикаси ва Иорданияда аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудудлари ҳисобланган Гонконг (30 июнь) ва Макаода ҳам ушбу жараён ташкил этилади.

Европада Франция, Словения ва Мэн оролида аҳолини рўйхатга олиш режалаштирилган.

Океания минтақасида Австралия (11 август), Норфолк ороли, Самоа, Тонга ва Тувалуда ҳам шу каби тадбирлар ўтказилади. Бундан ташқари, Францияга қарашли Реюньон ҳудудида ҳам 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар икки босқичда ўтказилди.