Маҳкума аёлларга ОТМда масофадан ўқиш имконияти берилади

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда хотин-қизлар таълими ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги ташаббуслар ҳақида маълум қилди.

Маълум қилинишича, “Янги ҳаёт” дастури йўлга қўйилади. Унга кўра, жазони ўтаётган аёллар 3–6 ой давомида касб-ҳунар дастурлари бўйича ўқитилиб, тегишли сертификатга эга бўлади.

Шунингдек, маҳкума аёлларга жазони ижро этиш муассасаларининг ўзида имтиҳон топшириб, олий таълим муассасаларига кириш ва масофавий таълимда ўқиш имконияти яратилади. Контракт асосида ўқишга қабул қилинганларга эса жазони ўтаб, ишга жойлашгандан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

Президент хотин-қизлар таълими учун яна бир қатор имтиёзлар жорий этилишини ҳам маълум қилди. Хусусан, янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти квотаси икки бараварга оширилиб, 4 мингтага етказилади.

Шунингдек, дунёнинг топ-300 талик олийгоҳлари билан қўшма таълим асосида магистратурада ўқиётган талаба-қизларнинг контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, ҳар йили хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилади. Ҳар бир йўналиш ғолибига Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант ажратилади.

Яна бир янгиликка кўра, мактабнинг 11-синфини тамомлаб, давлат техникумларига қабул қилинган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.