“Севиб қолган аёлни кўрмаган эркак…»

АЁЛ…

Аёл ким ўзи?

Аёл – аввало сиру синоатдир. Аллоҳнинг сиридир. Банда бу сирни ҳеч қачон тўла била олмайди. Бир ҳикмат бор: “Эркакни 10 фоиз – севиш, 90 фоиз тушуниш керак. Аёлни 100 фоиз севиш лозим, чунки уни тушуниб бўлмайди”. Аёл ҳақидаги ҳар қандай фикр, жумладан бизнинг бу мақоладаги фикрларимиз ҳам, субъективлигича қолади.

Шунга қарамай, истасак ҳам-истамасак ҳам, аёл ҳақда ҳамиша мушоҳада юритамиз. Ёнимизда юрганидан, қаршимиздан лоп этиб чиққанидан, битта сайёрада яшаётганимиздан кейин фикрлаймиз-да. Масалан, шоирлар шеърининг аксарияти муҳаббат ва аёл ҳақида бўлади.

Аллоҳ аёлни одамзод наслини давомийлиги, болалар вояга етказиши учун меҳрга, шафқатга гарқ қилиб яратган. Шунинг учун аёл эркакка нисбатан эҳтиросли, ҳис-ҳаяжонли, романтик кайфиятли, туйғули, мутаассир экани рост-ку?! Эркак десак кўз ўнгимизга дағал, кескин, ўжар зот келади. Аёл десак, назаримизда нафис, инжа, назокатли ҳилқат зоҳир бўлади. Тўғри-да, эркакни мулойим бўлиши (“мулойимхунук” деган ибора бор) ғалати туюлади. Аёлнинг эса дағаллиги ҳам хунукдир.

Аёлнинг мулойимлиги – унинг заифлиги эмас, аксинча, табиий қуролидир – ҳаётда кўп кузатамиз, эркак бақириб битиролмаган ишни аёл эркаланиб ё йиғлаб осонроқ битиради. Табассум ва йиғи – энг кучли воситадир.

Аслида аёлларнинг сокинлигида катта салоҳият яшириндир. Ва бу қудрат жамиятни ва иқтисодни ҳаракатга келтиради. Оддий мисол: тўқимачилик ва тикувчилик соҳасини олинг. Кўчага чиқсангиз, ўттизта аёллар кийими дўкони қаторида битта эркаклар кийим-кечаги дўкони учрайди. Бутун фабрика ва корхоналар аёллар модасига ишлайди, дизайнерлар уларга кийим бичади. Эркакларники нима – шим, кўйлак ва костюм. У ҳам бир хил бичимда… Аёлларнинг модаси ҳар куни ўзгаради. Бутун бозор иқтисодиётини бу истак ҳаракатга келтиради.

“Ёмон аёл – уч эркакнинг қотили” – деган гап бор, яъни қизлигида отасини (номусга қолдириб) ўлдиради, хотин бўлиб эрини ҳалок қилади, қариганда қайнона бўлиб куёвини адо қилади. Мақолни давом эттириш мумкин: “Яхши аёл – уч эркакнинг барҳаётлигидир”, зеро қизлигида отасини бахтиёр қилади ва ҳатто жаннатга дохил қилади (“Солиҳа қизни вояга етказган ота жаннатидир” деган ҳадис бор), хотинлигида эрини бахтиёр айлайди ва кексалигида куёвларидан раҳмат эшитади.

Аёллар ҳақида минг йиллардан буён фикрлаб, мушоҳада юритиб келадилар. Аёлни тушуниб бўладими, ахир, унинг ўзи ўзини тушуна олмайди-ю. Аёлни асира қилиш қийин, унга асирга тушиш афзалроқ, дейдилар.

Ҳалима Худойбердиеванинг аёл ҳақида “Сизни Ренуар нур билан чизган” деган сатрлари бор. Огюст Ренуар: “Агар аёл бўлмаганда, мен мусаввирлик билан шуғулланмаган бўлардим” – деган эди.

Эркак зоти кўпроқ ақлга таянади, аёл – ҳисс-туйғуларига асосланади. Синоат шундаки, эркак ақл билан англай олмаган кўп нарсаларни аёл туйғулари билан аниқ топади. Ақл адашиши мумкин, аммо қалб адашмайди.

Аврелий Августиннинг ҳикмати бор: “Агар Тангри аёлни эркакка хўжайин қилиб яратишни истаса, уни бошдан олиб ясарди, агар аёлни эркакка қул қилиб яратмоқчи бўлса, уни эркакнинг оёғидан олиб ясарди; аёлни эркакка ҳамкор ва тенг қилиб яратгани учун қовурғадан ясади”.

Аёлнинг моҳияти унинг муҳаббатида кўринади. Т.Готье шуни назарда тутиб айтади: “Севиб қолган аёлни кўрмаган эркак ҳали аёлни кимлигини билмабди”. Байрон: “Тунда юлдузлар ва аёллар нур таратади”. Ҳамма аёллар ҳам ғунча каби гўзалдир, уларни фақат эркакнинг муҳаббати очади, яшнатади.

Аёллар эркакларни дўсту ёрларидан, яхши кўрган машғулотларидан, нарсаларидан ажратади, дейдилар. Бу бор гап – зеро, аёллар эрлари фақат уларни яхши кўришини истайдилар, ҳатто бу муҳаббатни болалари билан ҳам бўлишишлари осон кечмайди. Эдгар Саптус бу борада нозик киноя қилган: “Ҳаёт қачон гўзал бўлиши мумкин: агар ҳамма аёллар эрли бўлса ва ҳамма эркаклар бўйдоқ бўлсалар”.

Умуман, аёл – синоатдир. Зеро, аёллар эркаклардан ақллидир, чунки эркаклардан камроқ билади-ю, кўпроқ англайди. Аёл кўрмаса ҳам, сезиб туради. Аёлларнинг фикри ҳамиша тоза, чунки аёл фикрини тез-тез ўзгартириб туради. Людовик XIV бежиз: “Бутун Европани яраштириб чиқишим мумкин, аммо иккита аёлни яраштиролмайман”, — деб айтмаган. Шунга ҳамоҳанг гуржи мақоли: “Аёлни бошқариш давлатни бошқаришдан кўра мушкулроқдир”.

Буларнинг барчасини назарга тутганда, бу кўҳна дунёдаги тириклик, ўлим ва ҳаёт қиррасида кечадиган умр осон эмас, улкан сабру қаноатни талаб қилади. Ва бу ҳаётнинг асоси – эркак ва аёлнинг бирлиги – оиладир.

Албатта, бўйдоқлик, ёлғизлик – озодликка ўхшаб туюлади, аммо у глобал нуқтаи назардан қаралганда – фожиадир. Драматургик тилда айтсак, бу дунё ҳаётида комедия йўқ, оилавий ҳаёт – ўта зиддиятли, манфаатлар тўқнашувига тўла драматик ҳаётдир, аммо у шу билан қизиқарлидир ва бу ҳаётни енгиллаштириш эркак ва аёлнинг ҳамфикрлигидадир. Оиласиз ҳаёт – трагедиядир.

Умуман олганда, мамлакатда, халқ орасида тақдир таказоси – ўз хоҳиши билан ёки иложсиз – ёлғиз, бўйдоқ инсонлар бўлади. Аммо миллат ва инсоният тамаддуни учун оила қадрияти, муқаддаслиги асраб қолиниши керак.

Ўзбек аёли… У ҳақда ўйлаганда, албатта, гўзал фикрларимиз билангина чекланмай, бир-икки жумла муаммоларни ҳам айтишимиз лозим. Глобаллашув забти остида тириклик юки аёлларнинг елкасига ҳам тушаётгани сир эмас. “Эркаклашув” жараёни ҳам бормоқда. Эркак ва аёл “тенглиги” томон эмас, аёлнинг ижтимоий, маънавий ва ҳаётий ролини қадрлаш, у бажараётган улкан миссияни эътироф этиш ва аёлга кўмаклашиш, уни асраш керак.

Аёлларнинг бир қисми мардикорчиликка чиқаётгани, тижорат баҳонасида оила юкини ўз елкасига олгани, гоҳо оилани асосан боқаётгани – фожиадир. Аёл уйида қолган ҳолида эркакларнинг хорижда мардикор бўлиб юриши, ойлаб-йиллаб эр-хотиннинг айро яшаши – оилага путур етаётгани – фожиадир. Юзага келаётган – фоҳишалик, аёл зеҳниятига зид ҳолатлар – фожиадир. Қишлоқ хўжалигида оғир юмушларни аёлларга юклаб, эркакларнинг торозибону ҳисобчи бўлиб юргани – фожиадир.

Эркаклар кўчада дуч келадиган ҳар аёлга – ўз онасидай, ҳар хотинга – ўз аёлидай, ҳар қизга – ўз фарзандидай қараши керак, яъни уларга ёмон кўз билан боқмаслиги лозим.

Давлат ва ҳукумат миллатнинг тақдири – аёлни ва оилани асрашга боғлиқлигини сиёсий ирода даражасига кўтариши лозим.

Аёл ва эркак дунёда бир-бирини тўлдиради. Масалан, аёл – данакнинг ҳаёт ташийдиган, тириклик моҳиятини жамлаган мағзидир, эркак – данакнинг пўстлоғидир, яъни у қаттиқ, тез синмайдиган, дағал бўлади, шунинг учун мағзни асрайди. Илоҳий тақсимот, эҳтимол, шундай бўлгандир. Уйда кўпроқ бўлиш, бола парваришидай миллат, мамлакат тақдирига дахлдорлиги аёлнинг оғир юки, мажбурияти эмас, тириклик мағзу моҳиятини асраш учун масъулиятдир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иборалари билан айтганда, “икроми”дир, иззатидир, шарафидир.

Аёл уйнинг ичидаёқ залворли ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажаради. Бугун сиёсатда (парламентда, ҳукуматда, нодавлат секторида), иқтисодиётда (тадбиркорликда, фермерликда, корхоналарда), маънавият ва маърифатда (илм, фан, санъат, маданиятда) ҳам аёлларнинг ўзини намоён қилаётгани улкан ҳодисадир. Ҳам оилани, ҳам ишни эплаётганлари эса, шубҳасиз, қаҳрамонликдир.

Абдулкарим БАҲРИДДИН