Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида 42 ёшли мактаб ўқитувчиси гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, у 14,68 килограмм опийни шартли харидорга 180 минг долларга сотаётган вақтида ушланган. Ҳисоб-китобга кўра, ҳар бир килограмм наркотик модда нархи 12,2 минг доллардан ортиқни ташкил этган.
Тергов давомида аниқланишича, ушбу гиёҳванд модда унга аввалроқ тожикистонлик наркокурьерлар томонидан етказиб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми, яъни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Тожикистон билан чегара ҳудудида яна бир йирик ҳолат фош этилди. Чегара наряди сим тўсиқлар устидан улоқтирилган олтита сумкани қабул қилиб олаётган икки нафар маҳаллий фуқарони қўлга олган.
43 ва 36 ёшли ушбу шахслардан 8,31 килограмм героин ва 54,45 килограмм опий топилган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми, яъни гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда контрабанда қилиш, шунингдек 25-модда орқали 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
