На йўл бор, на аниқ жавоб: Янгийўлда ерни ўзлаштириб олганларга нега чора кўрилмаяпти?

Ogoh.uz ахборот-таҳлилий порталига Тошкент вилояти Янгийўл тумани, «Обод» маҳалласи, А. Темур кўчасида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда қайд этилишича, ушбу ҳудуддаги кўчанинг бир томонида аҳоли хонадонлари, иккинчи томонида эса ариқ жойлашган. Муаммо илдизи 2012 йилга бориб тақалади. Ўша вақтда ариқ қазиш ишлари олиб борилган ва ундан чиққан лойқа кўчанинг қатнов қисмига ташлаб кетилган. Оқибатда йўл сезиларли даражада торайиб, нафақат транспорт воситалари, балки пиёдалар ҳаракати учун ҳам жиддий ноқулайликлар юзага келган.

Фуқароларнинг таъкидлашича, кўча аҳолиси ўз маблағлари ҳисобидан ҳудудни бир неча бор тозалашга мажбур бўлган. Бироқ тизимли муаммо бартараф этилмаган.

Шунингдек, 2022 йил 28 май куни ариқ ўз вақтида тозаланмагани сабабли сув тошиб, бир нечта хонадонни сув босган. Бу ҳолат маҳалла аҳли ўртасида турли низо ва келишмовчиликларга сабаб бўлган.

Шу воқеадан сўнг ариқ яна техникалар ёрдамида қазила бошланган, аммо чиқарилган лойқа яна аввалгидек йўлнинг қатнов қисмига ташлангани боис аҳолининг ҳақли эътирозлари билан ишлар тўхтатиб қўйилган.

Мурожаатдаги асосий эътироз ариқнинг муҳофаза зонаси ва йўл чегаралари аниқ белгиланмагани билан боғлиқ. Фуқароларнинг сўзларига кўра, ушбу масала юзасидан тегишли ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилинган бўлса-да, амалда ҳеч қандай ижобий натижага эришилмаган. Расмий жавоб хатларида ариқ бўйида ноқонуний қурилмалар мавжудлиги тан олинган, бироқ уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилмаяпти.

Мурожаатчилар яна бир муҳим саволни ўртага ташламоқда. Ариқ бўйидаги йўлнинг маълум қисми айрим фуқаролар томонидан ўзлаштириб олиниб, томорқа ҳудудига қўшиб олингани ҳақидаги даъволар нега ваколатли идоралар томонидан ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланмаяпти? Агар ушбу ҳолатлар ҳақиқатдан мавжуд бўлса, нега ноқонуний ўзлаштиришга чек қўйилмаган, нега йўлнинг қонуний чегараси тикланмаган?

Энг муҳими, нега аҳолининг кўп йиллик мурожаатлари ортидан аниқ инвентаризация, ўлчов ва очиқ хулоса берилмаган? Масъул ташкилотлар бу масалада жамоатчиликка аниқ, шаффоф ва ҳуқуқий асосланган жавоб бериши шарт. Акс ҳолда, аҳолида айрим шахсларга нисбатан муросасозлик ёки танлаб ёндашиш бор, деган саволлар янада кучаяди.

Шунингдек, аҳоли 1097 «ишонч телефони», давлат органларининг расмий сайтлари ҳамда прокуратурага қилинган мурожаатлар ҳам натижасиз қолаётганини таъкидламоқда.

«Обод» маҳалласи аҳли мутасадди идоралардан йўл чегараларини қонун асосида белгилаб беришни, ариқнинг муҳофаза зонасини аниқлашни, йўл четидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этишни ҳамда йўлни кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўришни сўрамоқда.

Масъул идоралардан ушбу ҳолатга расмий муносабат беришларини кутиб қоламиз.