Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институтининг болалар ва ўсмирлар гигиенаси лабораторияси ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида мобил телефонлардан кўп фойдаланадиган 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган 900 нафар ўқувчи ўртасида сўровнома ўтказилди. Натижада улар қандай касалликлардан азият чекиши маълум бўлди.
Тадқиқотнинг мақсади замонавий рақамли қурилмалар ва интернетдан кўп фойдаланиш болаларнинг касалланишига таъсирини баҳолашга қаратилди. Статистик маълумотларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, ўқувчилар орасида эндокрин тизим, овқатланиш ва метаболик касалликлар билан боғлиқ шикоятларга эга болалар ўртача 41 фоизни ташкил этади.
Умумий касалланишнинг қиёсий таҳлилига кўра, рақамли қурилмалардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчиларида, рақамли қурилмалардан кам ёки умуман фойдаланмайдиган ўқувчиларига нисбатан руҳий ва хатти-ҳаракатларнинг бузилиши билан боғлиқ белгилар кўпроқ учради. Скрининг сўровнома натижалари орқали аниқландики текширилаётган болалар орасида асаб тизими касалликларининг юқори даражада тарқалиши кузатилган.
Сўровнома натижаларига кўра болалар орасида қон айланиш тизими, нафас олиш тизими касалликлари шовқин ва қулоқ билан боғлиқ шикоятлар бор эканлигини аниқланган.
Бундан ташқари, рақамли қурилмалардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчилар овқат ҳазм қилиш тизимидаги муаммолардан 1,1 баравар кўпроқ шикоят қилган.
Хусусан, ўқувчиларнинг 31 фоизи тиш оғриғи ва кариесдан шикоят қилган, бу рақамли қурилмалардан кам ёки умуман фойдаланмайдиган ўқувчиларига нисбатан 6,4 фоизга кўпдир.
Рақамли қурилмалардан тез-тез ва кўп фойдаланадиган ўқувчиларда, рақамли қурилмалардан кам ёки умуман фойдаланмайдиганларга нисбатан турли касалликларининг юқори даражада тарқалиши кузатилган.