Покистон толиблар билан Афғонистоннинг инклюзив ҳукуматини тузиш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Покистон бош вазири Имрон Хон ўз Твиттерида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Душанбеда Афғонистонга қўшни давлатлар раҳбарлари билан учрашувлардан сўнг, у тожиклар, ҳазоралар ва ўзбеклар иштирокида Афғонистоннинг инклюзив ҳукуматини тузиш бўйича толиблар билан музокаралар бошлаган.
Имрон Хоннинг таъкидлашича, бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига ҳисса қўшади. Ўзгаришлар нафақат Афғонистон, балки бутун минтақага фойда келтиради.