Кун мавзуси. Алишер Қодиров яна қовун туширди

Президентликка номзод Алишер Қодиров чет элда ишлаб юрган ўзбекистонликлар янада ватанпарварроқ бўлиб, даромад солиғи тўлашларини таклиф қилди.

“Нима сабабдан бизда хорижда ишлаб юрганлар топган даромади учун солиқ тўламаслиги керак? Мигрантлар жўнатаётган пул фақат уларнинг оиласи учун, лекин мамлакатнинг тараққиёти йўлида ишлатилмаяпти. Келинглар, Ўзбекистоннинг тараққиёти учун мигрантлар ҳам солиқ тўласин”, — таклиф билдирди Алишер Қодиров.

Бу ўз навбатида интернет тармоғи фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ҳар ким ўз фикрини намоён қилди. Қолаверса Қодиров томонидан бундай «қовун тушириш»лар кўп бўлган. Аммо бу сафаргиси жуда ўтиб тушди.

Бугунги кунда меҳнат муҳожирларининг оила тебратиш учун амал-тақал қилиб пул топаётгани барчага маълум. Қолаверса Россияда меҳнат қилаётганлар патент учун ҳам анчагина тўловни амалга оширадилар. Энди топган даромадидан солиқ тўлаш бу аҳмоқчилик ва талончиликдан ўзга нарса эмас. Шунинг ўрнига улар учун мамлакатдан чиқмасдан ишлаш имконияти яратилса, топган даромадидан орттириб, уй, тўй қилиш, машина олиш ҳамда ўғил-қизларини олий маълумотли қилиш учун имконият яратилса. Қолаверса амалдорларнинг фарзандига ажратилган квоталардан меҳнат муҳожирларининг фарзанди учун ҳам алоҳида квота ажратилса аҳоли орасида илм кишилари ортса ортадики, бироқ камайиб қолмайди.

Интернет фойдаланувчилари ушбу таклифлар Қодировнинг ўзи томонидан киритилмагани, ким президент бўлиб сайланишидан қатъий назар, яқин йилларда ушбу дастур доирасида қонун ҳужжатдари тайёрланиши ҳам эътироф этиб ўтилди. Қуйида сизга энг оммабоп фикр мулоҳазаларни тақдим этамиз.

Alisher Qodirov брат сизга 5 йил Россияда ишлаган одам сифатида, ҳамда 6 йил практикующий бухгалтер сифатида шуни маълум қилмоқчиман. Гастарбайтер яъни бизни қора кўзлар Россияда ман ишлаган вақти НДФЛ 13% тўлаган, хозирда Патент тўлашади ойи (3000-6000рубль) регионига қараб. Сиз солиқлари тўланиб юборилаетган пулдан солиқ олмоқчисиз, шу тўғри деб ўйлайсизми?

Иш топиб беролмаган фуқародан ўзини ўзи амаллаб юрганига солиқ оламан дейиши қанчалик тўғри? Эхх сизга овоз бермоқчийдима…..)))

Жахонгир Ака

Алишер Қодиров ўзига овоз бермасликлари учун қўлидан келган ҳамма ишни қилаяпти. Аммо биз барибир у кишига овоз берамиз. Партиямиз шаънимиз.

Farukh Samarkandi

Мамлакат тараққиётини мардикорлар ўйлаши керак экан. Бечоралар итдай хор бўлиб, Россиянинг қора совуғида ойига 300 доллар ишлаб, бундан давлатга ҳам бир улуш бериши керак эмиш. Бу шўрликларнинг тўлаган солиғидан Олий Мажлисда ўтирволиб 15 миллион ойлик олиб ўтириш керак экан бу тўралар! Сен бу одамларга нима қилиб бердингки, улардан солиқ талаб қиласан? Бир парча нон излаб Россияга чиқиб кетгани учун солиқ тўлаши керакми? Нега булар мардикорлик қилиб юрган бу аҳли мардумни ватанга қайтариш ҳақида ўйламайди? Улардан солиқ олиш ҳақида эмас, уйига, бола-чақаси ёнига қайтариш чоралари кўрилмайдими?

Алишер Назар

Шунчаки таклифлар «номзодларни таклифлари ўринли бўлгани учун» қабул қилинади. Нафақат Қодиров, бошқа номзодларни таклифлари ҳам шундай), ҳукумат мигрантлар жўнатган пулни қандай назорат қилади? Катта эҳтимол билан, бу фақат А.Қодиров ёки МТ партиясининг эмас, амалдаги ҳукуматнинг А.Қодиров тили билан эълон қилинган режаси. Бу режани қайта ўйлаб кўринглар, бундай ҳаракатлар охир оқибатда ХАЛҚ норозилигига, ғалаёнга сабаб бўлиши мумкин. Ўйлаб кўринглар. Бу қарор яхши қарор эмас.

Олимжон Ҳайдаров

Халқимизда, фойданг тегмаса, жим тур, зараринг ҳам тегмасин, деган гап бор. Меҳнат мигрантларимиз ўзлари йўл топиб турли давлатларга бориб ишлашяпти, улар жўнатаётган миллиардлаб долларлар Ўзбекистонга кириб келяпти. Улар қандай шароитларда ишлаяпти, меҳнат ҳуқуқлари қай тарзда ҳимояланяпти… Қодировнинг иши йўқ. Лекин пешона тери билан топаётган пулларини санашни билади… Ҳой баракатопгур, шулар мусофирликда пул топиб, оиласини боқаётганига, раҳмат, десангчи.

Усмон Йўлдош