“Солиқлардан ҳақдор бўлган халққа нисбатан инсофсизлик”

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бир қатор солиқлардан озод этилди. Бу тўғрида кеча, 18 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Қонун билан Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритилди.

Унга кўра, 2026 йил 1 январгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари қуйидаги солиқларни тўлашдан озод этилади:

• барча турдаги солиқлар (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
• ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

Ўзбекистонга олиб кириладиган, Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан, махсус транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиқлари шулар жумласидандир.

Бу қонуннинг қабул қилиниши эса ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Блогер Шахноза Соатова ушбу қонун нима учун жамоатчилик муҳокамасига қўйилмагани ҳақида ёзади.

“Ўта шахсий фикримни айтсам: бу Қонун бугун тонгдан бошимизга томдан тарашадек қандай тушди, билолмай қолдим: қачон жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, Парламент палаталари қачон муҳокама қилди, айниқса ўзини шунча пиар қиладиган Сенат нимага бу қонун муҳокамаси ҳақида хабар бермади (ё берди-ю, ўтказвордикми)?

Мен шахсан футболга сал-пал қизиқаман, лекин унинг нима учун солиқлардан озод қилинар даражада муҳимлигини тушунмайман. Агар футбол ўйнаш ва китоб ўқиш деган танлов турса, китобларни танлаб, уларни солиқлардан озод қилиш керак деган бўлардим. Лекин мендан буни ҳеч ким сўрамади.

Ҳурматли Қонунчилик палатамиз ва Сенатимиздан сўраган бўлардик, нима учун, қайси мақсадлар билан айнан футболни солиқлардан озод қилиш керак деб ҳисоблаганингизни маълум қилсангиз бўларди. Ҳеч бўлмаса, мотивларни билайлик. Хулоса қилайлик кейин: боламизнинг қўлига китоб берамизми ё оёғи остига тўп ташлаймизми? Стадионга юборамизми ё кутубхонага? ”

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам Шахноза Соатованинг фикрини мақуллаб, солиқ юки енгиллаштирилиши (ёки вақтинча бекор қилиниши)га муҳтожроқ бошқа соҳа, йўналиш ва тармоқлар ҳам борлигини такидлади:

“Футболимиз, хусусан, аксарияти давлат (идора ва ташкилотлари) қарамоғида бўлган профессионал (баъзан “паразит” дегим келади) футбол клубларимиз 2026 йилгача деярли барча солиқлардан озод этилибди. Афтидан, “агар шу ҳужжат қабул қилинса, 2026 йили Шимолий Америкада бўладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига аниқ чиқамиз!”, деб роса аврашган шекилли, ҳужжатни қабул қилиш жараёнида амалдаги қонунчилик талабларини ҳам бузиб ташлашибди– масалан, ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилмаган (ўтолмасди-да муҳокамадан); адолатсизлик бўлса охиригача бўлсин, дейишган чиқар (қонунларнинг муаллифлари шу қонунларга ўзлари риоя этмасликларига одам ўрганиб ҳам қолди).

Мен футболимизга, айниқса, ўзини “профессионал футбол клуби (ПФК)” деб атайдиган ташкилотларга қандайдир солиқ имтиёзлари берилишига қатъий қаршиман. Бу қаршилигим бунчалик қатъий бўлмаслиги ҳам мумкин эди, агар давлат шу вақтгача жамият учун футболдан муҳимроқ соҳаларга солиқ борасида шундай бағрикенглик қила олганида.

Китоб чоп этишга алоқадор кишилар, ноширлар, ёзувчилар неча йиллардан бери адабиёт устидаги солиқ юкини сал бўлса-да енгиллатишни, болалар адабиёти учун ҚҚСни қайта кўриб чиқишни сўраб келади (айтишларича, бу борадаги вазият ҳатто “қора туш даври”да ҳам ҳозиргидан яхшироқ бўлган).

Мутахассислар айнан шу солиқ юки болалар учун мўлжалланган китоблар нашрига энг кўп тўсиқ бўлаётган омиллардан бири эканини таъкидлаб келади. Ëш авлод ва умуман келажак учун нима муҳимроқ – янги билимлар ҳақида маълумот берувчи янги ва ранг-баранг китобларми ё футбол?!

Ишончим комил, солиқ юки енгиллаштирилиши (ёки вақтинча бекор қилиниши)га муҳтожроқ бошқа соҳа, йўналиш ва тармоқлар ҳам бор, рўйхат катталиги аниқ, мен ҳозир ўзим бироз бўлса-да яхшироқ билганим – китоблар, адабиёт ҳақида ёздим, холос. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам у рўйхатда футбол биринчи ўринда эмасди, йўқ – футбол бу рўйхатда умуман бўлмаслиги ҳам керак эди. Футболга бундай имтиёзлар берилиши – нотўғри, бу шундай имтиёзларга муҳтожроқ ва шундай имтиёзи бўлса миллатга кўпроқ фойда келтириши мумкин бўлган бошқаларга нисбатан адолатсизлик, шу солиқлардан ҳақдор бўлган халққа нисбатан инсофсизликдир.

Охир-оқибат, 2026 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимиздан киритмаслигимиз эҳтимоли кўпроқ барибир, ҳар доимгидек”, дейди у.