Дин ишлари бўйича қўмита ҳажга борувчиларга огоҳлантириш билан чиқди

Қўмитанинг билдиришича, айни кунларда ижтимоий тармоқларда “Фалон фирма билан ҳаж қилинг!”, “Ҳаж сафари учун саноқли жой қолди!”, “Ҳаж учун ярим нархни тўланг!” каби жимжимадор сарлавҳа остидаги рекламалар кўпаймоқда.

Айримлар умра визаси, туристик (зиёрат) виза, бизнес виза билан ҳаж қилишни ваъда қилмоқда, бунинг мутлақо имкони йўқ. Саудия Арабистонида ҳаж амалларини бажариш учун ҳаж-2024 визаси бўлиши шарт.

Саудия Арабистони подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар) билан ҳаж тадбирини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади.

“Унутманг! Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томониданташкил этиладиган ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган, шундай экан, айримларнинг Ўзбекистон орқали ҳаж сафарига жўнатамиз, деган алдовларига учманг. Улар фуқароларни бошқа давлатлар орқали ноқонуний тарзда олиб кетишга уринмоқда. Бу эса қонуний асосга эга бўлмаган ва ҳаж ташкил этишга ваколати йўқ кимсаларнинг уринишидир”, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу каби хатти-ҳаракатлар Саудия Арабистони подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қатъий чора кўрилишига сабаб бўлади. Ҳаж сафарига ноқонуний йўллар билан боришга интилиш 6 ой қамоқ жазоси, Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йилга киришни тақиқлаш ҳамда 100 минг саудия риёли (26 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.

Маълумот учун, биргина 2022—2023-йиллардаги ҳаж мавсумида Ўзбекистон фуқаролари туристик, бизнес ва бошқа визалар орқали Саудия Арабистонига ташриф буюриб, ҳаж амаллари бажариладиган ҳудудларга кира олмаган.

Ҳаж мавсуми арафасида зиёрат виза (туристик) олган ҳолда БАА, Иордания ва бошқа давлатлар орқали келган минглаб фуқаролар эса Саудия Арабистони ҳудудига киритилмаган. Улар подшоҳлик ҳаж қонунчилигини бузганлик учун Саудия Арабистонидан 10 йилга депортатсия қилинган. Хусусан, 2023 йилда бутун дунёдан 150 мингдан ортиқ шахслар ушланиб жаримага тортилган ва депортатсия қилинган.