Амалдорларнинг тўйга бориши тақиқланди

Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров йиғилишлардан бирида ноодатий баёнот билан чиққан. У амалдорларга тўйма тўй юришни ман қилди.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, Президент Садир Жапаровнинг барча фармон ва топшириқлари ўз вақтида ва самарали бажарилиши шарт.

Шу боис, у давлат раҳбарининг тўй вақтида чорваларни сўйиш ва исрофгарчиликни тақиқловчи қарорига алоҳида тўхталган.

“Агар бирор ерда исрофгарчиликни кўрсангиз, у ерга борманг. Тўйларга борманг”, деди Оқилбек Жапаров.

Маълумот учун, 2022-йилда Қирғизистон президенти тадбирлар вақтидаги чекловлар тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Ундан кўзланган мақсад фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражасини ошириш, шунингдек, жамиятдаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи диний маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказишда исрофгарчиликнинг олдини олишдан иборат.