Иқтисодиёт университети ректори Қўнғиратбой Шарипов фақат тўртта партия номзодини танқид қилишга қодирми?

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиратбой Шарипов тўртта сиёсий партиянинг сайловолди дастурларидаги аксарият ғоялари реалликдан анча йироқлигини таҳлил қилди. Бу ҳақдаги тегишли мақола “Жамият” газетасининг 41-сонида, бундан ташқари бир неча ахборот сайтларида эълон қилинди.

“Сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларидаги аксарият ғоялари реалликдан анча йироқ. Айниқса, иқтисодиётимизни кўтаришга қаратилган таклифларнинг турли учрашувлар, ҳатто оддий суҳбатлар чоғида ҳам иқтисоддан хабари бор одамлар ўзаро баҳслашиб, ҳисобини чиқаролмай овора. Дарҳақиқат, баъзи сайловолди дастурларида давлат бюджети ҳисобига баландпарвоз иқтисодий масалаларни таклиф этилаётгани анчайин баҳсталабдир”, — деб сўз юритади ректор ўз мақоласида.

Мақолада бирма-бир тўртта партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастуридаги “хато ва тушунмовчиликлар” мисол қилиб кўрсатилган.

Умуман олганда, бу каби буюртма мақолалар сайлов куни яқинлашиши билан жуда ҳам кўпайиб қолди. Катта эҳтимол билан мўмай пул эвазига аҳолига етказилмоқда.

Бироқ биз ушбу таҳлилий мақолада ЎзЛиДеП партиясидан номзод сифатида кўрсатилган номзод, амалдаги президентнинг ўтказаётган учрашувлари ва сайловолди дастурининг таҳлилини учратмаймиз. Бу билан фақат амалдаги президент таклиф қилаётган дастур мукаммал дейилмоқдами?

Нима президент илгари сураётган таклифларнинг барчаси иқтисодий томондан тушунарлими? Ёки ҳурматли ректор Қўнғиратбой Шарипов президентнинг сайловолди дастурини таҳлил қилиб, ундаги хатоларни кўрсатишга чўчийдиларми?

Ректор тўрта партия номзодлари томонидан таклиф қилинган дастурлардан қуйидаги жиҳатлари ҳақида ўз таҳлилий фикрларини тақдим қилган.

“Адолат” СДПдан кўрсатилган номзоднинг уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш масаласи, пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиш, меҳнатга, маошга ва ижтимоий тўловларга яраша пенсия таъминотини йўлга қўйиш борасидаги таклифлар, махсус жамғармаларни бекор қилиш орқали давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш таклифи реалликдан ҳоли” дея танқид қилинган. Ҳамда шунга қўшимча равишда иқтисодий ҳисоб-китоблар ҳақида ҳам бирмунча статистика тақдим этилган.

Экологик партиядан номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ўртача 25-30 фоизгача ошириш бўйича таклифи, “Миллий тикланиш” ДП номзоди эса, ўз сайловолди дастурида ишчи ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси таъминланиши, меҳнат шартномасида ходимнинг соғлиғидан тортиб, ижтимоий талабларигача бўлган барча ҳолатлар кафолатланиши таклифи, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлашнинг қадриятларга таянган янги тизимини жорий қилиш, эҳтиёжманд кишиларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бериш тартиби қонун билан белгиланиши ҳақидаги таклифлари мисол қилиб кўрсатилган.

Шунингдек, ХДПдан президентликка кўрсатилган номзоднинг иқтисодий йўналишида аҳолининг даромадига қараб, табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш таклифи ҳам худди юқоридаги каби танқид остига олинган.

Кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурларини қўллаб-қувватлаш билан бирга уларни таҳлил қилганда ҳам тенгликни инобатга олиш кераклигини сўраб қолган бўлар эдик.

Балки ҳурматли ректоримизга фақат тўртта партия ўз номзодини кўрсатгани ҳақида маълум қилингандир. Агар ундай бўлса ЎзЛиДеП партияси номзодининг ҳам сайловолди дастурларини бир кўздан кечириб чиқишини сўраб қоламиз.

Ахир сайлов қонунларимизда ҳамма томондан тенглик бўлиши бежиз айтилмаган.

©