Олий Рада украин халқига тезак ғарамлашни маслаҳат берди

Украина парламенти бўлмиш Олий Рада депутати Михаил Волинц ўзининг РИА Новостига берган маълумотига кўра, кўплаб ижтимоий объектларни ёпиш эҳтимоллиги бор ва аҳоли ҳайвонлар гўнгидан фойдаланишга ўтиши керак.
Волинцга кўра, бунга асосий сабаб мамлакатда зарурий энергия ресурсларининг етишмаслигидир.

— Биз одамларни ҳеч бўлмаганда қишлоқ жойларда тезак тўплаши кераклиги ҳақида огоҳлантиришимиз шарт. Чунки, энди улар ҳукуматга эмас, фақатгина ўзларига таянишлари лозим, – дейди депутат.

Аввалроқ ўхшаш фавқулодда ҳолат фақатгина Хмелницкий, Одесса, Закарпат, Львов, Ивано-Франкивцик вилоятларининг ҳокимлиги томонидан эълон қилинган. Бюджет муассасаларига табиий газ етарли эмас. Мамлакатда худди шундай ҳолат кўмир заҳиралари билан ҳам кузатилмоқда. “Укрэнерго” компанияси маълумотларига кўра, омборларда бу турдаги ёқилғи зарур бўлганидан 3,9 баравар кам.

Украина ҳукумати фуқароларни Россиядан газ импортини тўхтатган, Европадан ёқилғи олмоқда, деб алдамоқда. Бу ҳақда собиқ бош вазир, “Батькившина” партияси раҳбари Юлия Тимошенко маълум қилди. Сиёсатчининг фикрича, “мамлакат учун Европа гази йўқ”.

2015 йилдан бери Украина Россия газини тўғридан-тўғри харид қилишни тўхтатди ва Европа компанияларидан Россиядан Европага кетаётган транзит ёқилғисининг бир қисмини сотиб олмоқда. Октябр ойидан бери Россия ёқилғисининг Украина ҳудуди орқали транзити тўхтатилгани сабабли, Киев ушбу схема бўйича Венгриядан газ импорт қилишдан маҳрум бўлди.

“Ўзбек тажрибаси”га таяниб шуни айтиш мумкинки, “ҳайвон тезаги орқали иситиш тизими самаралидир”.

Қарийб бир йил аввал Ўзбекистонда ҳам сенатор Қутбидин Бурхонов тезак ҳиди униқиб кетган қишлоқ аёллари ҳақида гапирган эди.

Қиш яқин. Синоптиклар фикрига кўра, бу йил қиш керагидан ҳам тезроқ ва совуқроқ келиши кутилмоқда. Биз ҳам қадрли қишлоқдаги юртдошларимизга имкон қадар кўпроқ тезак тўплаш ва қуритишни тавсия қиламиз.