23 ёшли ҳомиладор аёлнинг ўлимида ростдан ҳам Боситхонова айбдорми?

Куни кеча “Боситхонованинг айби билан бир она нобуд бўлгани айтилмоқда” номи остида хабар берган эдик. Ушбу мавзуга доир ижтимоий тармоқларда ССВга юборилган хат унинг вазир ўринбосари томонидан тўхтатиб қолинганлиги ҳақида қатор хабарлар тарқалган.

Ушбу ҳолат бўйича вазир ўринбосари Элмира Боситхонова бу вазият нотўғри талқин қилинаётгани ҳақида изоҳ берган.

Унга кўра, хатда 2021 йилнинг 17 май куни Тошкент вилояти кўп тармоқли шифохонасида 23 ёшли ҳомиладор аёл вафот этгани, аёлнинг ўлимига туғруқдан кейинги ўткир юрак ва буйрак-жигар етишмовчилиги ҳамда бошқа бир нечта омиллар сабаб бўлгани айтилган.

Хатда Боситхоновага тегишли бўлган “Вазирга киритилмасин” деб ёзилган сўз кўпчилик омма эътиборини тортган. Элмира Боситхонова ушбу ҳолат ҳақиқатдан ҳам юз берганини, бироқ хатга жавоби нотўғри талқин қилинганлигини маълум қилган.

Боситхонова ўз изоҳларида бошқарма бошлиғи томонидан берилган маълумотни соғлиқни сақлаш вазирига чуқур ўрганиб, сабаблар ва таҳлиллар асосида киритиш лозимлиги, масала оналар ва болалар ўлими ҳақида кетар экан, юзаки хулосаларга таянмасдан чуқур ўрганиш кераклигини, бу ўрганиш ишларини бош акушер-гинеколог билан бирга 2 профессор олиб бориши кераклиги ҳақида топшириқ берилганлиги, ўлим сабаблари чуқур ўрганилиб, кейин вазирга ҳисобот бериш кераклиги назарда тутилганлиги ҳақида таъкидлаган.

30 йиллик тажрибага эга анестезиолог-реаниматолог сифатидаги дастлабки хулосам – ўлим сабаби кўрсатилмагани, барча ҳолатга профессионал текширув зарурлиги бўйича бошқарма бошлиғига муҳим топшириқ берганман. Бунда ҳеч қандай нотўғри ёки шов-шувга сабаб бўладиган ҳолат йўқ”, дейди ССВ ўринбосари.

Гўдаклар ва оналар ўлими билан боғлиқ ҳар бир ҳолат беркитиладиган нарса эмаслиги, қонунда ҳам, тиббиётда ҳам ҳар бир ўлим ҳолати сабаблари таҳлил қилиниб, чора кўрилиши ва бу кейин юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилиши, шунинг учун ҳам бу ҳолни бекитиш ёки “ёпди-ёпди” қилишдан бирор инсон манфаатдор эмаслигини айтиб ўтган Боситхонова.

Эътибор берилса, хатда “критик” сўзи алоҳида қайд этилган. Бу ёзувни қайд этишдан мақсад ниманидир хаспўшлаш ёки бекитиш эмас. Бундай нотўғри хулосалар қилиш бу вазиятни нотўғри талқин қилиш деб ўйлайман”, деган Элмира Боситхонова.

Шунингдек, аёлнинг ўлими билан бўлган воқеа жорий йилнинг май ойида содир бўлган бўлиб, унинг натижаси 3 нафар тиббиёт фанлари даоктори ва профессерлар томонидан ўрганилганлигини, тегишли хулосалар асосида айбдор шахслар ўз жазосини олганлиги Соғликни сақлаш вазири ўринбосари томонидан алоҳида таъкидланиб ўтилган.