Россияда тожикистонлик фуқаролар икки ўзбекистонликни пичоқлаб ўлдиргани айтилмоқда

Россиянинг Қозон шаҳрида юзига пичоқ урилган 2 нафар ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда «Readovka»га асосланиб Bugun.uz маълум қилмоқда.

Маълум қилинишича, 24 октябрь куни кечқурун шаҳардаги ижарага олинган хонадонда 23 ёшли Х.Ҳ. ва 25 ёшли Р.Р.нинг жасади топилган. Уларга умумий жами 33 марта пичоқ урилган.

Қайд этилишича, деярли барча зарба марҳумларнинг орқасига урилган. Аммо уларнинг юз қисмида ҳам пичоқ урилишидан қолган жароҳат аниқланган. Тезкор қидирув тадбири давомида полициячилар худди шу хонадонда яшовчи 32 ёшли А.Х.ни қўлга олган. 

Маълумотларга кўра, А.Х. шошилинч равишда чипта сотиб олиб, Самара шаҳрига олиб борувчи шаҳарлараро автобусга ўтирганида ушланган. Сўроқ пайтида у танишларини ўлдирганини тан олган. Бироқ 28 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида бошқа тахминни илгари сурган. 

Унинг айтишича, кечқурун квартирага қайтиб келганида, қон излари ва марҳумларнинг жасадини топиб олган. Бу ишни эса улар билан жанжаллашган тожикистонликлар содир этган. Можарога эса тожикистонликларнинг ўзбекистонлик йигитлардан бирининг синглисига шилқимлик қилгани сабаб бўлган. Калтакланган тожикистонликлар қасос олишини айтган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.