8 ноябрь куни ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган Навоий вилояти собиқ ҳокими Қобул Турсунов кетиши олдидан фармойиш чиқариб, бир қатор ташкилотларга жами 22 млрд 491 млн сўм маблағ ажратган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ҳоким имзолаган фармойишда Ёшлар маркази биносини таъмирлашдан тортиб, “Аҳоли дам олиш маскани”ни қуриш-таъмирлаш ишларида юзага келган қарздорликларни қоплаш учун ҳам маблағ ажратилгани маълум бўлган.
Мазкур фармойишга кўра, энг катта сумма, яъни 8 млрд 23 млн сўм маблағ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ажратилган. Хусусан, соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси учун 4 млрд 23 млн сўм, янги ташкил этиладиган оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникаларни таъмирлаш харажатлари учун 1 млрд сўм ҳамда коронавирус пандемиясига қарши курашишда қўлланиладиган дори воситаларини сотиб олиш харажатлари учун 3 млрд сўм пул берилган.
Аввалроқ, Навоий вилоятига янги ҳоким тайинлангани ҳақида хабар қилган эдик.