Энергетика вазирлиги айтган учта Ўзбекистон қаерда?

21-асрнинг 21-йили якунланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Кимдир шахсий ракетасида космосга учганига ҳам қаноат қилмай,  энди Марсга кўчиб кетмоқчи. Бизчи? Электр ва газ масалаларини ҳал қилишни талаб қилгандан кўра, қўлни ювиб, қўлтиққа тиққанча қорамолнинг кетига кўпроқ тикиладиган бўлиб қолганмиз. Сабаби ҳадемай қиш келади, ўтин танқис, кўмир қиммат, совуқда эса бир амаллаб жон сақламаса бўлмайди. 

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча минерал ресурсларнинг деярли учдан бир қисмига эга ва газ қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи 20 та давлатидан биримиз. Энергетика вазири Алишер Султонов. Ҳозирги газ ҳажми учта Ўзбекистон учун етарли дея маълум қилган эди. Лекин шунга қарамай ҳаволар совуди дегунча аҳолини газ билан таъминлаш масалалари кун тартибига чиқади.  Маҳаллий газ узатиш тизимининг эскирганлиги, ички бозорда газ нархи пастлиги, демография, геологик разведка ишлари учун миллий кадрлар етишмаслиги каби сабаблар катта газ йўқотишлари ва самарасиз фойдаланишга ( газнинг 60 фоизи охирги истеъмолчига етиб бормай атмосферада тарқалиб, йўқолиб кетади) олиб келяпти. Натижада эса газ таъминоти етиб бормаган  мамлакат аҳолиси қишда уйларни кўмир, ўтин, сигир гўнги ёки турли хил қўлбола электр жиҳозлари билан иситишга мажбур.

                               Ис газидан заҳарланиш мавсуми бошланди

   Кунлар совий бошлаши билан совуқ хабарлар ҳам кўпая бошлади. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси хабар беришича, 2019- йилда Ўзбекистон бўйлаб 31 та ис газидан заҳарланиш ҳодисаси содир бўлиб,  жабрланганлар сони 21 нафарни,  вафот этганлар 50 нафарни ташкил этган.

 2020-йилда эса 91 киши ис газидан заҳарланиб, вафот этган. Хўш, 2021-йилда бу кўрсаткичлар нечага етди?

Биргина Самарқанд вилоятида 15-октабрдан 25-октабргача, 10 кун ичида 8 киши ис газидан ҳалок бўлган.  Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, йил бошидан ҳозирги кунга қадар заҳарланиш билан боғлиқ 46 та нохуш ҳолатлар содир бўлиб, 96 киши вафот этган ва 35 киши жабрланган.  Охирги икки кун ичида ҳам бу каби шум хабарлар тўхтагани йўқ.

Бу хабарларни ўқиймиз-у, унутамиз. Бу ҳолатга бутунлай бефарқлигимиз йилдан йилга ўлимлар сони кўпаяётганидан маълум.  Беғуноҳ гўдаклар исинишга ҳаракат қилиб, уйқудан уйғонмаяпти, бир уйдан бутун оиланинг тобути бирданига чиқиб кетяпти, соппа-соғ одам бир туки тўкилмай ўликка айланаяпти.  Ҳид ва рангга эга бўлмаган бу “сездирмасдан ўлдирувчи” неча-неча кишиларнинг ёстиғини қуритишда давом этаяпти. 

                        Заҳарланиш сабаблари, аломат ва чоралар.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

Фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик;ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш; ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш; ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

 Кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган ёқилғи (газ, кўмир, ўтин ва бошқа)ни чала ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлади.

Ушбу газ организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Бунинг оқибатида гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксия, оғир ҳолатларда эса аноксияга олиб келади. Уйқуга тортиш, бош айланиши, бош оғриғи, ҳушини йўқотиш,кўз олдининг қоронғулашиши, терлаш кучайиши,  нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал, тремор (қалтираш) ҳолатлари кузатилади. Заҳарланиш оқибатида ўлим ҳолатлари ҳам  кузатилиши мумкин.

Барча ҳолатдаги оғир заҳарланишларда зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш тавсия этилади:

Жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиб, қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;

Нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);

Жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш, нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим;

Нашатир спиртини ҳидлатиш, ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш, кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.

Барчамизга маълум, газ заҳиралари бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бўлсак-да, кўп ерларда табиий газнинг ўзи йўқ(сотишимиз керак).  Лекин бу учун ис гази муаммоси бизга тауллуқли эмас дейиш хато. Кўмир, балон газ, таппи, ҳаммасидам ҳал зарар бўлиши мумкин. Шундай экан ўзингизни ва оилангизни эҳтиёт қилинг!

Шаҳруза Сатторова