Ўзбекистондаги чиқинди полигонларида 2,6 миллиард долларлик электрон чиқиндилар мавжуд — БМТ

Сўнгги ўн йил ичида МДҲ мамлакатлари полигонларида электрон чиқиндилар деярли бир ярим бараварга ортган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг тадқиқотлари натижасида маълум қилинган.

Таъкидланишича, сўнгги ўн йил ичида импорт қилинадиган электроника ҳажми деярли ўзгармаган, бироқ ҳар йили Россия ва қўшни мамлакатлардаги чиқиндихоналарга тушадиган электрон чиқиндилар миқдори деярли 1,5 бараварга ошган. Уларнинг аксарияти Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонда. Ушбу чиқиндининг атиги 3,2 фоизи, яъни 79 минг тоннага яқини қайта ишланган, дея хабар бермоқда CentralAsia.

“Электрон чиқиндиларни йўқ қилиш МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига кўп миқдорда фойда келтириши мумкин. Масалан, биргина 2019 йилнинг ўзида 10 тоннадан ортиқ олтин, ярим тонна ноёб тупроқ металлари, бир миллион тонна темир, 85 минг тонна мис ва 700 тонна кобалт чиқиндига чиқиб кетган. Бу барча материалларнинг нархи 2,6 миллиард доллардан ошади”, — деди тадқиқот муаллифларидан бири, БМТ университетининг етакчи тадқиқотчиси Кис Балде.

Электрон чиқиндиларга эскирган ёки жисмоний эскиргандан кейин чиқиндихонага тушган электрон қурилмаларнинг таркибий қисмлари киради. Қоида тариқасида, бундай чиқиндиларда олтин, литий, кобалт ва бошқа элементларнинг нисбатан катта миқдори сақланиб қолади, уларнинг захиралари Ерда чекланган миқдорда.

Бундай чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазият барча МДҲ мамлакатларида бу каби бизнес учун ҳуқуқий асос ишлаб чиқилмаганлиги сабабли мураккаблашади. Хусусан, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда бундай нормалар йўқ.

“Чиқиндиларни бошқариш тизими аллақачон мавжуд, бироқ Ўзбекистонда ҳали ҳам электрон чиқинди тизимини ривожлантириш жараёни давом этмоқда”, — дейилади ҳужжатда.

Мамлакатда чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи 100 га яқин ташкилот мавжуд. Энг йирик корхона – “Махсустранс” давлат унитар корхонаси мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида фаолият юритади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича умумий қайта ишлаш қуввати йилига 894 минг тонна бўлган 183 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда электрон чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш инфратузилмаси мавжуд, бироқ унинг функциялари ҳозирда жуда чекланган. Таркибида симоб мавжуд лампаларни йиғиш қайта ишлаш ташкилотлари ва дўконлар томонидан амалга оширилади, бу ерда истеъмолчилар эски жиҳозларни қайтариш эвазига янги ускуналар сотиб олишда бонусларга эга бўладилар.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги асосий муаммолардан бири бу ишлатилган батареялар чиқиндилари бўлиб, улар одатда қаттиқ маиший чиқиндилар билан бирга йиғилиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чоралари кўрилмаган ҳолда мавжуд чиқиндихона ёки полигонларга олиб кетилади. Бу борада мутахассислар маслаҳати ва илғор тажрибалар бўйича тадқиқотлар олиб борилиши мамлакатга катта фойда келтиради. Илгари Ўзбекистон халқи учун эскирган аккумуляторлардан қутулишнинг бир неча йўли бор эди. Аммо яқинда маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида катта ўзгаришлар бошланди (Ўзбекистон 1995 йилда Базел конвенциясига қўшилган).

Балде ва унинг ҳамкасблари МДҲ давлатлари расмийларини бундай бўшлиқларни бартараф этишга ва электрон чиқиндиларнинг тўпланиши ва уларни қайта ишлашни кузатишни осонлаштирадиган шарт-шароитларни яратишга чақирмоқда. Бунинг ёрдамида бир вақтнинг ўзида бундай чиқиндилардан барча қимматбаҳо материалларни ажратиб олиш ва табиатни электроника ишлаб чиқаришда қўлланиладиган симоб, кадмий ва бошқа заҳарли моддаларнинг тўпланишидан ҳимоя қилиш мумкин бўлади.