Таниқли дубляж устаси Санжар Саъдуллаев вафот этди

Кўплаб телетомошабинлар меҳрини қозона олган дубляж артисти, ажойиб овоз соҳиби Санжар Саъдуллаев вафот этди.

Актёр 1954 йилнинг 10 июл санасида Тошкент шаҳрида туғилган.
Тошкент Давлат театр ва санъат институтининг драма ва кино актёрлиги бўлимида таҳсил олган.
Санжар Саъдуллаев бугунги кунда ўзбек дубляж санъатининг энг таниқли ва энг рейтинги баланд актёрларидан ҳисобланарди.
Марҳумни кўпчилик мухлислар сирли актёр дея таърифлашади. Аслида ҳам С. Саъдуллаев бошқа кўплаб санъат вакилларидан фарқли ўлароқ, ўзини оммадан узоқ тутишга ҳаракат қилади, камералар қаршисига чиқиш ва интервюлар беришни истамаган.

Санжар Саъдуллаев бугунга қадар 1000 дан ортиқ филмларга овоз берган. Жумладан “Қашқирлар макони” (Пўлат Оламдор), “Қиш сонатаси” (Жун Санг), “Ичкарида” (Комиссар Юсуф, Сарп, Ҳасан қизил яноқ), “Эсмералда” (Хосе Армандо), “Сўйла, Қораденгиз” (Ведад) каби юзлаб сериаллар ва бадиий филмлардаги бош қаҳрамонлар образини гавдалантирган.
Қолаверса, марҳум дубляж устаси ҳинд филмларида болливуд қироли Шоҳруҳ Хонга доимий равишда овоз берган.
Мухлислар актёрни нафақат филмлар дубляжидаги овози балки, ажойиб монолог ва шеърлар ўқиши орқали ҳам яхши билишади.
С. Саъдуллаев фаолияти давомида бир муддат “Ёшлар” телеканалида ҳам режиссёр сифатида фаолият юритган.

Ogoh.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.