Дорилар нархи чўнтакни қақшатмоқда” — Иқтисодчи Отабек Бакиров 12 фоизга “гуллаб” кетган дори нархлари ҳақида муносабат билдирди



Жорий йилнинг апрелида Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорларининг йиллик инфляцион кутилмалари мартдагига қараганда ошдиб, 13,7  фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Аҳолининг энг юқори инфляцион кутилмалари қурилиш ва тиббиёт соҳалари вакиллари томонидан билдирилган бўлса, келгусида нархлар шаклланиши бўйича энг паст кутилмалар талабалар томонидан қайд этилган.

Марказий банк ўрганишларига кўра, ўтган ойда даромадлари 4 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолининг инфляцион кутилмалари нисбатан юқори даражада шаклланган (14,5 фоиз).

Марказий банк таҳлилида ўтган ойда аҳоли томонидан нархларида юқори ўсиш кузатилган асосий турдаги товар ва хизматлар рўйхати ҳам келтирилган. Бунда дорилар нархи 12 фоиз бандига ўсгани маълум қилинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров дорилар нархи ўсишига муносабат билдирди.

“Дорилар нархи чўнтакларни қақшатмоқда. ҚҚС бекор қилинганида арзонлашмаган, ҚҚС қўшилгач, кескин қимматлашган дори–дармонлар нархи ўзбекистонликларнинг оғриқларидан бирига айланган”,—деб ёзди иқтисодчи.

Апрел ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан бироз тезлашиб, 13,7 фоизни ташкил этган. Сезилган инфляция даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлса, энг паст сезилган инфляция даражаси Қорақалпоғистонда кузатилган.

Даромадлари 5 миллион сўмдан юқори бўлган аҳолининг сезилган инфляция даражаси нисбатан юқори даражада шаклланган.