Ўзбекистонда янги кўринишдаги 50 ва 100 минг сўмлик банкнотлар чиқарилиши кутилмоқда.
Ушбу маълумотни марказий банк раисининг матбуот котиби Акмал Назаров таъсдиқлабди. Бир кун олдин бу каби хабарлар тарқала бошлаганида банк маъмурияти лом-мим демаган эди. Шу куни саволларга на тасдиқ на инкор жавоб қилганлар бир кун ўтиб, ҳа пуллар дизайни алмашади, каби сўзлар билан чекланмоқда. Балки, ҳозир тўлиқ маълумот бериш учун рухсат олишмагандир.
Хўш янги пуллар ишлаб чиқилишидан аҳолига қанчалик наф бўлади? Бу ҳавога учадиган бемаъни харажат эмасми?
Ҳозирда пули йўқ бўлиб турган ночор қатлам шунда пуллик бўлиб қолиши эҳтимоли мавжудми?
Жорий йилнинг 26 августидан бошлаб Ўзбекистонда янги кўринишдаги 5 000 ва 10 000 сўмликлар муомалага чиқарила бошланганди. Кўпчиликка янги пулларнинг дизайни билан бир қаторда, унинг ўлчамлари ҳам маъқул келмади. Қисқаси аввалги банкноталардан кескин фарқ қилади. Энди чиқарилиши кўзда тутилган янги 50 минг ва 100 минглик банкноталар ҳам шунга ҳамоҳанг ишлаб чиқарилиши кўзда тутилгандир, бироқ бунинг асосий сабаблари ва давлат ривожига қўшадиган ҳиссаси аниқ айтиб ўтилиши керак эмасми? Ёки эски кўринишдаги пуллар ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНга ярашмай қолдими?
Маълумот ўрнида 50 000 сўм кўринишидаги банкнотлар 2017 йилнинг 22 августидан бошлаб, 100 000 сўм бўлган банкнот 2019 йилнинг 25 февралдан бошлаб Марказий Банк томонидан муомалага чиқарилган.
Барчага маълумки, бу каби ишлар кичик сарф-харажатлар эвазига бажарилмайди. Салмоқли сўмма сарфланади. Мана шу пулларни бошқа ишларга сарфлашнинг имкони йўқми?
Очиғини айтиш керакки, баъзи ҳаракатлар инсоннинг кулгисини келтиради. Масалан, камбағалликни қисқартириш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилади, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар имзоланади. Қолоқ ва ривожланмай қолган аҳоли пунктлари обод маҳалла дастурига киритилади(бу каби обод маҳалла дастурида йилдан йилга кўчиб юрган қишлоқлар кўп). Аҳолини иш билан таъминлаш учун йўл харитаси, яна баъзи камчиликларни бартараф этиш учун маслаҳат кенгашлари ташкил этилади. Бироқ. Тўғридан тўғри пул дизайни алишгани ҳақида эса кимдир “сиздириб” юборганида эшитилади. Бу ҳолат қанчалик мантиққа тўғри келади? Бу каби масалаларни ҳам аҳоли муҳокамасига қўйиш керак эмасми?
Бу вақтда депутатларимиз ўта муҳим масалаларда мунозарали баҳслар олиб бормоқда: “аҳоли учун носвойни таъқиқлаш керакми, йўқми?”. Депутат ва сенаторларимизга ҳам қийин, халқнинг тун-у кун ўйлаш ҳам осон вазифа эмас. Халқ уларни бизнинг камимизни тўлдиради, биз айта олмаган гапларни айтади деб сайлаганку.
Қолаверса, сайлов олдида тинмасдан сайлов сиёсати ҳақида мақола ёзган амалдорларимиз ҳам бу вақтда йўқолиб қолади. Улардан арзирли фикр ҳам олмайсиз. Алламжонов қашшоқлиги учун яна бечора халқни айблагани ёдингиздадир.
Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раҳбарининг сўзларига кўра, аҳолининг камбағал ва қашшоқлигида ўзлари айбдор. Халқ бирор масалаларни танқид қилмасдан асосий эътиборни билимга бериши керак эмиш. Сизга ўхшаб пичоғи мой устида бўлмаган, пулга муҳтож қатлам қандай қилиб билим олишга кўнгил берсин? Жанобимиз, асосан, тепадагилар нимадир мавзуни кўтариб чиқсагина ўзлари ҳам шу фикрларни ёқлаб нимарса ёзиб қўядилар. Шахсий фикрлари ҳам тепадаги фикрларга боғланган.
Сўзимизнинг яна бир исботи, Халқаро Пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа кўрсатувнинг навбатдаги сонида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари нуфузи ва уларга яратилган шароитлар ҳақида гапирди. Эмишки, ички ишлар органларига энг сўнгги русумдаги “Феррари”лар олиб бериш керак.
“Дубайда энг охирги русумдаги машинада юради. Чунки жиноятчига етволиши керак. Биз жиноятчига “Ласетти”да етиб ололмаймиз. Керак бўлса, биз ҳам ўнта энг кучли “BMW”, “Мерседес” ва “Феррари”, зўрларини сотиб олишишимиз керак. Чунки билишлари керак — давлат улардан кучли. Давлат улардан кучли!”,—дея ўз фикрини билдирган Қудратхўжа.
Лайлакнинг юришини қиламан деб чумчуқнинг пути айрилган экан дейди доно ҳалқимиз. Дубай политсияси ҳақида гапирилар экан, у ерлардаги аҳоли яшаш шароити ҳақида нена лом-лим дейилмади? Ёки яхши шароит фақат маьлум сфера вакиллари учун талаб қилинадими?
Ҳа, айтганча, бизда катта-катта қонунбузарликни содир этадиган жиноятчиларимиз алоҳида кодли рақамлар билан, «қувди-қочди» ўйнамай, тинчгина идораларига бориб-келишаётган бўлса… Феррари олиб берилса, уларни қувиб етса, бўлармикан?
©