ҚОНУННИ БУЗСАНГ ЎЛАСАН ВА ЎЛДИРАСАН!

Светофорда қизилда ўтиб кетдим. Атайлаб эмас. Бир юк ташувчи катта автомобиль светофорнинг олдига тўхтаб олганлиги учун светофор борлиги кўринмаётган эди ва мен светофорни кўрганимда тўхташга кеч бўлган эди.

Қоидаларга қаттиқ амал қиладиган инсон сифатида бўлган воқеадан жуда асабим бузилди. Бунинг устига светофор устида камера бор эди, суратга олган бўлса жарима тўлашимга ва ҳайдовчилик гувоҳноманинг бир неча очкосидан айрилишимга тўғри келади. Юк ташувчи автомобиль эгасини хаёлан роса сўкдим.

Узоқ йўлнинг яхши томони асабийлашишга ҳам, асаблар қайтиб жойига тушишига ҳам, воқеа ва муаммоларни ҳар тарафлама қайта ва қайта таҳлил қилишга, хулосалар чиқаришга ҳам бемалол вақтингиз бўлади. Мен ҳам бўлиб ўтган воқеани холис таҳлил қилдим ва айрим хулосалар чиқардим…

…Қизилда ўтиб кетишимга фақат юк ташувчи автомобиль айбдормиди ? Жавоб-йўқ. Биринчидан, мен томондаги светофор кўринмай турган бўлса, йўлнинг қарама-қарши томонидаги светофор кўриниб турган эди. Сал диққатлироқ бўлганимда уни кўрган бўлардим. Иккинчидан, агар шошиб ҳайдамаганимда ва тўхтаб турган автомобилни секинроқ қувиб ўтганимда балки қизилда тўхташга улгурардим.

Булар ўзимни оқлашга уринган баҳоналаримга қарши аргументлар эди.

Баҳоналарим ёки сабабларимдан қатъи назар, мен ушбу воқеани таҳлил қилиб, хулосалар чиқара олаётганим менинг омадим, менинг бахтим. Қизилда ўтиб кетган айрим инсонларнинг омади, бахти чопмаган ҳолатлари кўп бўлган. Умуман йўл ҳодисаларида хатолар бир марталик ёки охиргиси бўлиши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас. Ундан кейин ким ҳақ, ким ноҳақлиги, қандай қилса тўғри бўлишини таҳлил қилишнинг аҳамияти ҳам, имкони ҳам йўқ.

Шуларни ўйлагач, “қизилда ўтиш”ни ҳам ортга қайтиб бўлмайдиган ҳолат деб тасаввур қилиб кўрдим. Ундан кейин тезликни ошириш, мумкинмас жойда машина ҳайдаш, йўл бермаслик ва катта-ю-кичиклигидан қатъий назар барча қоида бузилишларни ортга қайтиб  бўлмайдиган, кейин афсусланишнинг, баҳоналар излашнинг ҳожати йўқ ҳодисалар деб тасаввур қилдим.

Ва қоидаларни бузгим келмай қолди. Тасаввур қилинг, қандайлигидан қатъи назар ҳар бир қоида ёки қонун бузилиши сизнинг ёки кимнингдир ўлими билан тугайди. Худди янги корейс сериали, “Калмар ўйини”да бўлгани каби. Биргина қоида бузилиши ва сиз ўласиз. Агар шундай бўлганида, жамиятда қоида бузилишлар бўлармиди? Менимча, йўқ…

Буларни ўқигач,” амалда ҳеч қачон бундай бўлмайди, ҳар бир қонун ва қоида бузилгани учун одамлар ўлавермайди” деб ўйлаш мумкин. Аслида эса сиз, мен ва бошқалар қоидаларни бузганлигимиз учун сиз тасаввур қилганингиздан-да кўпроқ одамлар ўладилар. Шундай қонун бузилишлари борки, уларнинг оқибатида бир эмас мунтазам равишда минглаб одамлар ўладилар.

Масалан, Ўзбекистондаги (дунёдаги истаган мамлакатни айтиш мумкин, бизга тегишли бўлгани учун ўз юртимизни мисол қилиб келтиряпман) тиббиёт соҳасини олайлик. Тиббиётга ажратилаётган пулларни ўмариш, ислоҳотларни бажармаслик, порахўрлик, шифокорларни хўрлаш, кадрлар сиёсати ва ҳоказолар борасидаги муаммоларнинг барчаси қонун ва қоидаларнинг бузилишидир. Бу қонунларни бузадиганлар ҳар сафар нотўғри қарор чиқарганларида, пулларни ўмарганларида, ислоҳотларни барбод қилганларида минглаган инсонларни ўлдириб, миллионлаган юртдошларини сифатсиз тиббий хизмат олишларига ва азобланишиларига сабабчи бўладилар.

Таълим соҳаси ҳам шундай. Соҳа масъуллари қонунларни бузиб, пулларни ўмарганларида ва соҳани вайрон қилганларида нафақат ҳозирги авлодни, балки келгуси авлодларнинг ҳам қотилларига айланадилар.

Йўлларнинг аҳволи, газ ва свет муаммолари, монополия, иқтисодий-ижтимоий-экологик муаммолар борасида қонунларни бузувчилар ҳам ўзларининг миллионлаган ватандошларини чет элларда ва Ўзбекистонда ёстиқларини қуритадилар.

Буларнинг олдида, бир марта қизилда ўтиб кетиш оддий, ҳеч нарса бўлмай қолади. Зеро қизилда ўтган одам энг оғир авария юз берган ҳолатда ҳам кўп бўлса бир неча одамни ўлдиради ва/ёки ўзи ўлади, аммо кундалик ҳаётда қонун ва қоидаларни бузадиганлар ҳар куни минглаб одамларни ўлдирадилар ва мажруҳ қиладилар.

Тўғрироғи, барчамиз минглаб одамларни ўлдирамиз. Оддийгина навбатга турмаганимизда, пора берганимизда, мансабни сотиб олганимизда, ходимларнинг маошларидан уриб қолганимизда, дарахтларни кесганимизда, светофорда сариқ ёнмасдан сигнал чалганимизда жамиятни ботқоққа ботирамиз ва ҳозирги ҳамда келажак авлод вакилларини қийратамиз.

Қонун ва қоидаларни билмасдан ҳамда билдирмасдан бузганимизда бизга ҳеч нарса бўлмаётгандай туюлиши мумкин. Аммо ўша моментда ҳеч ким ўлмаса ҳам, бизни ҳеч ким ушламаса ва қамамаса ҳам биз қонун бузилишини баналлаштириш, оддий нормаларга айлантириш орқали жамиятнинг тақдирига болта урамиз ва келажак авлодларга ҳаёт учун хавфли жамиятни қолдирамиз.

Динларда “Подшолар ўлгандан кейин фақат ўзлари учун эмас бутун давлати тақдири учун жавоб беради” деб айтилади. Бу қандайдир маъжозий ёки баландпарвоз сўзлар эмас. Ростдан ҳам подшо (президент, қирол, хон, шоҳ, премьер министр, умуман раҳбар) ҳар бир чиқарган қарори, ҳар бир гапирган гапи, ташаббуси, қилган ёки қилмаган ишида ўзининг миллионлаган юртдошларини ё ўлдиради ё қутқаради. Вазирлар, ҳокимлар, судя ва прокурорлар ва бошқа барча мулозимлар ҳам шундай. Ўзларининг имзолари, қўллари ва сўзларининг кучи ўтадиган ҳудудлардаги ҳар бир фуқаронинг тақдири, фаровонлиги ёки қайғулари, ҳаёти ёки ўлимигача жавобгар ҳисобланадилар.

Биз қачонки, қонун ва қоидаларнинг катта ва кичигини худди орқага қайтиб бўлмайдиган деб қарашни ўргансак, қонун ва қоидани бузганимизда баҳоналар излашнинг ўрнига ўзимизни, қилмишимизни танқид қилишга ва тезда тўғри йўлга тушиб олишга куч топа олсакгина жамиятимизда иллатлар қурийди, давлатимиз ривожланади, ҳаётимиз фаровонлашади, ўлимлар сони камайиб, бахтлилар сони ортади.

Бу сўзлар ҳар биримизга, жумладан менинг ўзимга, ҳаммадан аввал эса давлат тепасидагиларга, масъул ва мулозимларга кўпроқ тегишлидир.

Дониёр Рўзметов