Муҳтожлик ниқобига ўранган миллат

Барчамизнинг кўча- кўйда, бозорларда, серқатнов йўлларда, шунингдек, машиналар турар жойларида одамлардан пул, бошқа моддий нарсалар беришини сўраб, тиланчилик билан шуғулланиб юрган инсонларга кўзимиз тушган бўлиши, шубҳасиз. Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг сони кундан кунга ортиб бормоқда.

Болалигимда катта бўлиб пулим кўп бўлиб кетса, мана шундай инсонларга моддий ёрдам бераман деб юрар эдим. Бироқ бир воқеа сабаб бўлди-ю, ҳамма ҳам ўзини ёрдамга муҳтож кўрсатгани билан аслида ундай эмаслигини англаб етдим. Ҳар куни ўқишдан қайтар вақтимиз йўлда бир ёши каттароқ инсон тиланчлик қилиб ўтирарди. Бир куни не кўз билан кўрайки, куннинг кечида отахон нарсаларини йиғиштирди-ю, шу онда қоп-қора Captiva келиб уни миндириб кетди. Менимча ҳали бундай русумли автомобил ўрта ҳол, шунингдек, ўзига тўқ оилаларда ҳам ҳалича йўқ бўлса керак. Метрода кетар чоғимиз эса йигирма ёшлар атрофидаги бир йигит одамларга қўл чўзиб, пул сўраб юрибди. Ақли ҳуши жойида, соғ- саломат, бўй басти сиздан узун, ишласа бир оилани бемалол боқа оладиган боланинг бу иши бироз ғалати кўринмайдими? Бу билан йигитлар ўз ғурурини паймол қилиб қўяётганини пайқашмаяпди чоғи.

Ёки яна бир гувоҳ бўлган воқеам… Чилонзорда жойлашган «Ҳилол нашр» нашриётининг ёнгинасидаги катта йўл бор. Мана шу йўлдан ногиронлар аравачасида ўтирган қиз ёлғиз ўтаётгани эътиборимни тортди. Ёрдам беришга ошиқаётган эдим ҳамки, машиналардаги ҳайдовчилар унга йўл бериб, бирин-кетин тўхташди… Мен қизни йўлдан ўтади деб ўйлаган эдим, бироқ у ҳайдовчилар ёнига бориб, машиналар ойнасига қўл чўзиб, тиланчилик қила бошлади… Қиз яна йўл четига чиқиб, юқоридаги ҳолатни такрорлашда давом этди. Кимдир борини улашяпди, кимдир ўзини ташвиши билан ўзи оввора…. Шу ҳолатда бир машина қизни туртиб юборишига бир баҳя қолди. Агар шу ҳолатда қизни уриб юборганда ким айбдор бўлар эди? Афсуски, ҳайдовчи…

Статистик маълумотларга кўра, Ички ишлар органлари томонидан Тошкент шаҳрида охирги бир йил давомида 5 мингдан ортиқ шахс тиланчилик қилиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.

Ушбу рақамлар ичидаги шахсларнинг 4 мингдан ортиғини хотин-қиз, 3 мингдан ортиғини ёш болали аёл, 100 нафарга яқинини ногиронлиги бўлган эркак ҳамда 500 нафарга яқинини кекса ёшдагилар ташкил қилган.

Ачинарлиси, бугунги кунда бу муаммо доимий касбга ҳам айланиб бораётгандир. Кўпинча бундай «бизнес»учун вояга етмаган ўсмирлар ёки уйсиз одамлар жалб қилинмоқда.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Президентимиз томонидан 2019 йил 9 январ куни тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонун имзоланиб, тиланчилик қилиш қонунан тақиқланди.

Мазкур “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 271-моддасига асосан, аеропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу билан бирга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 1883-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Ҳар бир онгли ва тафаккурга эга инсон ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечиришни афзал билади. Шундай экан, орамизда тиланчиликни доимий касб қилиб олган, меҳнат қилишдан қочадиган кимсаларни тартибга чақириш вақти келди. Агарки, мана шу ҳолат давом этаваерса, биз ҳеч қачон юртимизни ўзига тўқ, фаровон мамлакат сифатида эътироф этишимиз ўринсиздир.

Муаллиф: Лайло Эсанмуродова