«Ҳамма бугун 14:30 гача 2021-йил январ-ноябр ойигача биттадан коррупциянинг олдини олиш, суицит, эрта туғруқ, жиноятчиликларнинг олдини олиш бўйича йиғилиш баённомаси ёзиб келсин. Кимдир январга, кимдир мартга, фарқи йўқ. Баённомага профилактик инспектор ўрнига Вилоят прокурорининг ёрдамчиси Хуршид Мусурмонов ва вилоят прокурорининг ёрдамчиси Мукаррам Хамраевни иштирок этди деб қўйиб берсин. Сизлардан илтимос, 15:30 гача етказинг. Вилоят прокуратураси 15:00 гача етказинг деди. Эскисини ўгирасиз, фақат иштирокчининг фамилияси ўзгаради. 5 дақиқа ҳам кетмайди»
Бу хабарни ўқиб «ҳааа, 5 йил олдинги Ўзбекистонда бўлган воқеаларми?» дейишга шошилманг. Диққат қилинг: биз Янги Ўзбекистондан гапираяпмиз.
Бирор қарор қабул қилинса, қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан вазирликнинг буйруғи ва ички назорат-режаси ишлаб чиқилади.Фалон бошқарма раҳбари буйруқ лойиҳасини тайёрлайди ва буйруқ билан чора-тадбирни ишлаб чиқувчи масъул шахсни белгилайди. Бу шахс уч-тўрт кунда ҳукумат учун “бизнес-режа” тузиб беради.
Тузилган чора-тадбирлар тахминан қуйидагича бўлади:
1) Хорижий тажрибани аниқлаш.
2) Инвесторни жалб қилиш.
3) Маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.
4)Ҳар ойнинг бешинчи санасигача қилинаётган ишлар ҳақида хисобот киритиб бориш.
Сўнг, ушбу йўл харитасини вазирликларга келишиш учун юборади. Хорижий тажрибани ўрганиш учун хизмат сафарига бориб айланиб келинади, хисобот ёзилади.Инвестиция вазирлиги инвестор топади, учрашади, келишади, хокимлик ва инвестор ўртасида меморандум имзоланади.Қарабсизки, ҳамма миллионта қоғозбозлик ишларидан кейин ўз вазифаларини бажариб бўлган, лекин қарор ҳалиям амалга тадбиқ қилинмаган. Ўртада фақат қоғоз айланиб, ўша қоғоз, буйруқ, чора-тадбирлар режаси,ҳисобот, меморандум ва ҳоказоларни ёздириш учун давлат хизматчиларининг умумий фалон минг соати сарфланган. Иш қизғин, ҳамма хисобот, чора-тадбир, режа, буйруқлар ёзиш билан оввора…
Тўғри, ўтган йиллар давомида бюрократик тўсиқларни қисқартириш учун бир неча қарорлар қабул қилинди. Жумладан, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра 2021 йилдан бошлаб давлат идораларида ҳар қандай ҳужжат алмашинуви электрон шаклга ўтказилиб, 2020-йил 1-мартгача барча давлат хизматчилари ва раҳбарлар электрон имзо билан таъминланиши керак эди.
Бу қарор айрим йўналишларда жорий этилди ва ўзини оқлади. Хусусан, «Ав-ижро», «Э-хат», «Нотариус» каби электрон дастурлар орқали бюрократия жараёнлари анча қисқарганини кўришимиз мумкин.
Ёки биргина Адлия вазирлиги мисолида лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштиришдан воз кечиб, электрон шаклда беришга ўтилишнинг ўзидаёқ 1,5 миллион доллардан ортиқ маблағни, шунингдек, 3,5 млн вароқ қоғоз тежалганини кўриш мумкун. Бундан ташқари Адлия вазирлиги рақамлаштириш ҳисобига ўтган йили 100 тонна қоғозни тежаб қолди!»
Лекин… Юқоридаги каби ҳолатлар ҳам тез-тез учраб турибди.Бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда яшар эканмиз, реал ҳолатдан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, “бюрократия”ни қонунларга таъсири, “қолиплашиш” ҳамда қонун ижодкорлигидаги керагидан ортиқ қўрқув ва иккиланиш нафақат иқтисодиётимизга балки барча ислоҳотларимизга ҳам кишан каби таъсир ўтказади.
Қайси соҳага назар солмайлик, ортиқча қоғозбозлик, унинг ортидан келаётган порахўрлик, асосий ишдан чалғиб, вақтни ёзув-чизувларга сарфлаш кўзга ташланади.
Шунингдек, расмий йиғинлар, АОКА анжуманлари, пресс турларда олдиндан пресс релизлар тайёрланади. Тўғри, камдан кам ҳолларда бу ёзувлар учрашувдаги ҳолатда ўз исботини топади. Аксарият ҳолларда эса «қўлларингиздаги қоғозда батафсил ёзилган», деб расмийлар қутилиб кетади. Қоғозларда эса доимий шаблон гаплар, осмонимиз мусаффо…
Ўзбекистонда одам савдоси камаяётган бир пайтда чақалоқ савдоси кўпайиб бормоқда. Нега? Чунки қонуний йўл билан фарзанд асраб олиш жуда қийин, югур-югур, чигалликлардан одамнинг боши айланиб кетади.
Бола асраб олмоқчи бўлган оилалар, биринчи навбатда, васийлик ва ҳомийлик органларига мурожаат қилади. Ушбу орган болани тарбиялашга олаётган оилани белгиланган муддатларда ўрганиб чиқиб, хулоса беради. Якуний хулосага келиш жараёнида бўлажак ота-она тиббий кўрикдан ўтади. Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнлари қанча вақт ва қанча харажат талаб қилади – буни яхши биласиз!
Бу босқичлар ўз якунига етгач, асосий ишлар бошланади. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларга фарзандликка олаётган шахслар ариза билан мурожаат қилади.Ана шу босқичлардан ўтилганидан сўнг фарзандликка олиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинади. Суд ҳукми ижобий белгиланган тақдирда 10 кунлик муддат ичида янги ота-оналар ўз яшаш ҳудудидаги ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилиб, болага янги гувоҳнома олади.
Шифохонага борсак, қабулга кириш учун беморлар баъзан соатлаб навбат кутишига тўғри келаётгани, бунга эса ортиқча қоғозбозлик ҳам сабаб бўлаётганини маълум. Чунки тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари 26 турдаги журналлар, 33 турдаги ҳисобот шакллари ҳамда беморларга бериладиган ўнлаб турдаги бланкаларни тўлдиришга мажбур(сўровнома ўтказилганда 13 %гина шифокор қоғозбозлик камайганини айтган,холос) Шифокор ҳар бир беморга ўртача 15 дақиқа вақт ажратиши керак. Бироқ амалда шундан маълум қисми ҳужжат тўлдиришга сарфланади.
Таълимда ҳам энг катта муаммолардан бири қоғозбозликдир. Ўқитувчи охирги йилларда ўзининг асосий иши қолиб кетиб, умрини қоғоз тўлдириш билан ўтказади. Ўқитувчи фақатгина журнал тўлдиради холос десангиз чучварани хом санабсиз. Тепадан буйруқ келгани учунгина ҳисобот учун мажлиси, тадбирлар «ўтказилиб», суратларга муҳрланиши, дарс таҳлили, конспект, иш режалари…
Грузия бош вазири маслаҳатчиси Бато Лежава «Шундай аксиома бор — бюрократия ҳар доим ўзига иш топади. Стол қўйиб, бюрократни ўтирғизиб қўйсангиз ва унга қилишга ҳеч нарса бермасангиз ҳам, у барибир ўзига бирор нима ўйлаб топади. Ва уч йилдан кейин усиз ҳамма нарса вайрон бўлиши ва ҳалокатга олиб келишини айтиб туради», деган эди ўз нутқларидан бирида. Агар бюрократларни столларидан тезроқ ағдармасак, шу даражагача ҳам борамиз:
«Ҳурматли фуқаро, сизни қамамоқчи эдик. Марҳамат қилиб, иккита расм ва маҳалладан справка олиб келинг»
Шахруза Сатторова