Фикрлашни еб бўладими?

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ёшлар деган фактдан барчамиз хабардормиз. Бу рақамнинг қўрқинчли томони шундаки, айнан шу олтмиш фоиз аҳоли бир неча ўн йилликдан сўнг мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли қатламини ташкил этади. Уларга ақл ўргатиш, нима қилиш кераклиги ҳақида кўрсатмалар бериш акс таъсир кўрсатмоқда.

2016-йилда кўтарилган диний ва ғоявий тўлқин бугунги кунда 20-25 ёшли йигитларни соқолда, қизларни эса ҳижобда қўл ушлашиб юришга, бошқа миллат ва дин вакилларига адоват кўзи билан қарашга ва “самосуд” қилишга ундади. 2020-йил тарқалган ижтимоий тармоқлар нурлари 15-18 ёшли болаларни замонавий трендлар билан ҳамнафас бўлишга, кун давомидаги юмушлари ва кечки овқатини Инстаграм саҳифаларига жойлашга мажбурлади. Авлодлар ўртасида кўплаб конфликтлар келиб чиқди. Назаримда бу кўргиликларнинг иккита ижтимоий сабаблари мавжуд.

Ақлли одамнинг белгилари қанақа бўлишини биласизми? Балки бу турдаги инсонларга дуч ҳам келгандирсиз. Ақлли одам тайёр жавобларга эга, информацияга бой шахс эмас балки, жавобларни излай оладиган ва креатив ёндашадиган инсондир. Кўпчилик билимли бўлиши мумкин, аммо барчамиз ҳам ақлли эмасмиз. Мактабларда, олий таълим муассасаларида билимли ёшлар кўп, лекин уларнинг ичида ақллилари саноқлидир. Мактабларда саволлар берадиган, уларга жавоблар олишдан маз-з-за қиладиган ўқувчилар қолмаган ҳисоб.

Агар дўстлар билан бирор жойда овқатланмоқчи бўлсак, менюга эҳтиёж сезамиз, дарсларда вариантлари бор тестлар ечиб катта бўлганмиз. Аниқроғи ўзимиз нима исташимиз ёки биз учун нима маъқул келишини олдидан айтолмаймиз, албатта, вариантларни кўриб чиқишимиз керак. Доим битта тўғри ва бошқа нотўғри вариантлар бўлиши шарт.

Тасаввур қилинг, мактабда биринчи синф ўқувчисидан мушук сўзи қандай ёзилишини сўрашди. Биринчи ўқувчи туриб ёзув тахтасига “мушук” деб ёзди. Иккинчиси эса “мушик”, учинчиси “хжҳдлм” ҳарфларини бўр билан битиб қўйди. Биринчи жавоб тўғри, қолганлари хато! Нега? Нега иккинчи жавоб тўғриликка яқин эмас? Иккинчи вариант билан учинчисининг хатолик даражаси шунчалик яқинми?

Ҳар бир инсоннинг ҳаёт сифатини белгилаб берувчи атрибутлар мавжуд. Бундай атрибутларга уй-жой ва машинани мисол қилишимиз мумкин. Яъни уйингиз ва машинангиз бўлса, сиз сифатли яшаяпсиз. Агар иккита уйингиз ва учта машинангиз бўлса, сиз жуда зўр умр кечиряпсиз. Шундай эмасми? Шундай экан, солиқлар йиғилиб, улар ижтимоий институтлар аро тақсимланиб, кимнингдир ҳаёт даражаси сифатини белгиловчи атрибутларни яхшилар учун сарфланса, таълим тизимидан нима кутиш мумкин? “Яхши яшаётганлар” бундай ҳолатда қандай йўл тутишади?

Иқтисодчи ва социологларнинг фикрича икки хил фундаментал институтлар мавжуд. Булар экстрактив (экстрадицион) ва инклюзив (эксртаиннавацион). “Яхши яшовчилар” сони ортаётганини биров билмаслиги учун ақллилар доим экстрактив институтлар ишига аралашишади. Экстрактив институтлар – маданият, таълим, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар. Агар бу институтлар эркин бўлмаса, ОАВ фақат тарғибот ва ташвиқот учун ишлайди, мактабларда кимларнингдир портретлари осилиб, ватан туйғуси кучайтирилади. Инклюзив институтларга эътибор қаратилса, Тошкентнинг 80% аҳолиси хизмат кўрсатиш соҳасида эмас, ишлаб чиқариш секторига ўтади, иқтисод ривожланади. Ижтимоий ишлаб чиқаришнинг ўсиши ижтимоий онгнинг ўсишига олиб келади. Ёшлар вариантларга эмас, ақлли ўқитувчиларга эҳтиёж сезади.

Социология ва мантиқий математикага катта ҳисса қўшган олимлар – Эйлер ва Маслоунинг илмий ишларини ўрганган ҳолда ижтимоий фикрлаш ҳақида қатъий хулосаларга келдик… Ҳар бир инсонда ижтимоий фикрлаш қобиқлари мавжуд. Ҳар кимнинг ижтимоий фикрлаш қобиқлари ҳар хилдир.

Ҳар бир инсон учун унинг ўзи биринчи ўринда туради. Ҳаммамиз учун ўзимизнинг қулайлик маконимиз, биологик эҳтиёжларимиз биринчи ўринда. Айнан шу жиҳатлар биринчи қобиқни ташкил этади. Иккинчи қобиқни эса бизнинг яқинларимиз –  ҳар бир шахс учун ўзига хос кетма-кетликда дўст-у биродарлар, оила аъзолари ва севган жуфти ташкил этади.

Шундан сўнг яшаш жойимиз (учинчи қобиқ), ишхона ва ҳамкасблар (тўртинчи қобиқ), давлат (бешинчи қобиқ), минтақа (олтинчи қобиқ), қитъа (еттинчи қобиқ), сайёра (саккизинчи қобиқ), қуёш системаси (тўққизинчи қобиқ), галактика (ўнинчи қобиқ), космик туманлик (ўн биринчи қобиқ)ва ҳ.к… Сиёсат арбоблари давлат ёки минтақа доирасида, олимлар ер сайёраси ёки қуёш системаси доирасида фикрлайдилар. Агар атрофда шароитлар йўқ, муаммолар ва “яхши яшовчилар” кўп бўлса, ёшларнинг ижтимоий фикрлаш қобиқлари ўз-ўзидан торайиб кетади. Улар хиёбонларда ўтириб келгусидаги режаларини эмас, кимнинг нима иш қилгани каби энг кераксиз мавзуларни муҳокама қилишади. Кун келиб ягона, жисмоний имкониятга эга юрт жиловдорларига айланишади.Мендан ечим сўрамоқчи бўлманг! Менга ечим учун вариантлар беринг…

Акмалжон Йўлдошев,

копирайтер, таржимон