Таҳририятимизга Яккабоғ тумани Янгиҳаёт МФЙ Наврўз қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушган.
Унга кўра, мазкур қишлоқ аҳолиси тупроқ йўлларда кўтариладиган чанг-тўзонлар сабабли жорий йилнинг август ойида туман ҳокимлигига мурожаат билан чиққан. Раҳбарият эса бу йўлларга тош тўкиб берган-у, бироқ уч-тўрт ойдан ошиқ вақтдан бери қумлар ёйилмаган ҳолда яъни аҳолининг ўтишига тўсқинлик қилаётгани айтилмоқда.
«Ота-онамиз ёки фарзандларимиз касал бўлса, тез ёрдам деган нарсалар, тўй қилсак мошиналар, ҳаттоки тракторлар ҳам ўтолмаяпти», деб таъкидлаган мурожаатчилардан бири.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси шахсий автомобилларини ҳам йўлни ярмида қолдириб, уйга пиёда келишларини айтиб ўтган.
Шу ўринда танганинг икки тарафига ҳам қараб ўтиш кераклиги ўринли деб ўйлайман. Одатда кўп ишлар тез орада бажарилади деган турфа ваъдалар билан қолиб кетарди. Раҳбарият эса чала бўлса-да, ишини қилиб берибди. Бу билан раҳбариятни тарафини олмоқчи эмасман, лекин қишлоқнинг беш-олтита онгли одами йиғилиб ёки ҳашар йўли билан йўлга тўкилган шағал-қумларни текислаб қўйса бўлар эди-ку?!
Гарчи қўпол туйилса-да, «Берсанг, ейман, урсанг, ўламан» қопиғига ўралиб олган аҳоли наҳотки 3-4 ой вақтда шу нарсани ўйлаб кўрмаган бўлса?! Бу нарса худдики овқатни олдига олиб келиб қўйган-у, энди едириб қўйиш кераклигини кутиб ўтирганга ўхшайди.
Видеохабарда мурожаат билан чиққан аёлларнинг ҳам норозилигига тушунсак бўлар, эҳтимол оиласининг эркаги Россияда ишлаб юрибди-ю, болалари ҳақида қайғуряпти десак… Лекин бу масалада эркак кишининг мурожаат қилишини ақлга сиғмас ҳолатдир…
Умуман олганда бу каби мурожаатлар кўп учрамоқда, биз асосли мурожаатлар ҳам йўқ демаймиз. Бироқ ҳозирги кунда кўпчиликда боқимандалик кайфияти ҳам тобора авж олиб бораётганлиги эса танназзул эшиклари очилишига имкон яратиб бераётганининг Яна битта далилидир. Биз ҳали бу борада ўрганиш олиб бориб сизга маълум қиламиз.
Муаллиф: Лайло Эсанмуродова