Андижон вилояти Улуғнор тумани Мингбулоқ қишлоғидан бўлган, YouTube да влог юритувчи блогер Азизбек Кенжаев тахминан 10 кунча аввал Жиноят Кодексининг 168-моддаси(Фирибгарлик) билан айбдорликда гумонланиб, туман прокурори санкцияси билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу эса ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Олимжон Хайдаров фейсбук саҳифасида эълон қилган маълумотларга қараганда, Азизбек Кенжаев ёшлигида отасиз ўсгани сабаб Россиядан қайтиб, туманидаги етим болалар учун хайрия асосида 20 та уй қурилишига бош бўлиб, ҳаракат бошлаган.
Қиш келиб қолаётгани сабаб уйларни тезроқ битириш мақсадида қурилиш материалларидан қарз бўлган, хайриядан йиғилса, бериб қўймоқчи бўлган шекилли.Шу қурилиш материаллари дўконларининг айримлари ёзиб беришибди.
Шунингдек айрим етими бор оилалар уйларга ёрдам берайлик, ўзимиз учун қуриляпти деб бирови пул берган, бирови қурилиш материали берган. Азизбек бу маҳсулотларни бир бошидан ишлатиб уйларни навбати билан битиришни ҳаракатида бўлган. Шу оилалардан ҳам ариза тушган дейишмоқда.
Жами сумма 35 млн сўм атрофида экан.
Андижонлик айрим блогерларни айтишича туман ҳокими ҳам, туман ИИБ раҳбари ҳам келтирилган зарар қопланса, қўйиб юборамиз дейишибди.
Фейсбук фойдаланувчиларининг яна бири Алишер Юсупов воқеани: «Бу ерда бошқа иш бормикин? Қурилиш материалларни қарзга берган инсон қаерга,нима учун, кимларга уй қурилишини билиб берган деб ўйлайман. Энди, бўлажак уй эгалари томонидан ариза бор экан. Қизиқ уй сан учун қурилаётган бўлса, бегона инсон сан югуриб юрса, ман уни устидан ариза ёзябман. Хуллас бу ишди обдон суриштириш керак. Балким қурилаётган жой «Кимгадур» керак бўлиб қолгандир. Саволлар жуда кўп, жавоб эса» дея изоҳлайди.
Зилола Раҳимова эса : «Хайрия уюштириш яхшикуя, лекин қарзга хайрия уйини қуриш, худди хаёлда осмондаги ғозни шўрвасига нон ботириб ейишдек гап. Дўкон эгаларини хам тушуниш керак. Қачон хайрия йиғилар экан деб пойлаб ўтиришмайдику. Уларни ҳам тирикчилиги бор», деб воқеага ўз муносабатини билдирмоқда.
Шунингдек, Жураева Фотима: » Улуғнор туман электросетьдаги миллионлаб давлат бюджетини фирибгарлик йўллари билан талон-тарож қилаётганлар юрибдилар ҳеч қандай қамоқ жазоси қўлланмай, ёрдам қилаётган блогер эса, фирибгар эмиш» дея фикр билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу вазият юзасидан Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати билан боғланганимизда, мазкур ҳолат бўйича иш аллақачон, 19 ноябрдаёқ ЖИБ Улуғнор туман судига юборилганлиги, ҳозирда иш процессуал тартибда юритилаётганлиги ҳақида маълумот олдик.