Олий таълим вазирлиги: Тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати узайтирилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2021 йил 15 декабрдаги 10 сонли қарорига мувофиқ 2021/2022-ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабалар ўқиши учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2021 йилнинг 31 декабри этиб белгиланди.

Коронавирус инфекциясига қарши 2021 йилнинг 15 ноябрига қадар тўлиқ эмланган (ваксина олган), лекин эмланганлик тўғрисидаги сертификатни белгиланган муддатдан кечикиб олий таълим муассасасига тақдим этган (этаётган) абитуриентлар ва талабаларга тўлов-контракт суммасини тўлашда бир марталик 10 фоизли чегирмани қўллашга рухсат берилди.