Янги йил байрами муносабати билан ўзбекистонликлар кетма-кет 4 (5) кун дам олади. Қавс ичидаги 5 рақами 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганларга тегишли.
Шундай қилиб, 5 кунлик иш ҳафтасидагилар 5 кун (31 декабр, 1-4 январ кунлари) дам олса, бундай бахт олти кунликдагилар учун 1 кунга қисқаради (31 декабр, 1-3 январ кунлари дам). 31 декабр аввалроқ дам олиш деб эълон қилиб бўлинган.
Лекин ҳафтасига 6 кун ишлайдиган ходимлар 4 январ, сешанба дам олиб, 8 январ, шанба куни ишга чиқишига тўғри келади. Чунки бу кун қўшимча эмас, балки кўчирилган дам олиш куни бўлади.
Шунингдек, 2022 йилда қуйидаги қўшимча ва кўчирилган дам олиш кунлари белгиланган:
✅ барча ходимлар учун 22-23 март (қўшимча), 4 май (7 майдан кўчирилган), 11 июл (қўшимча), 2 сентябр (қўшимча);
✅ олти кунлик ходимлар учун: 5 май (15 майдан кўчирилган), 12 июл (16 июлдан кўчирилган), 3 сентябр (қўшимча), 31 декабр (қўшимча).
Бошқа давлатларда қандай?
Ҳаммага маълум, Россияда янги йил пайти 1-10 январ кунлари дам олиш сифатида қабул қилинган. Шанба ва якшанбани ҳам қўшсак, руслар январда 16 кун дам олади.
Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда 3 кун дам эълон қилинган: 1-3 январ. Туркманистонда эса 1-2 январ — дам олиш куни.
Банклар ишлайдими?
Ўзбекистондаги банк хизматлари бу 5 кунлик дам олиш пайтида ишлайдими, деган савол ҳозирча очиқ турибди. Лекин тажрибадан келиб чиқсак, банк хизматлари бу кунлари хизмат доирасидан ташқарида бўлади.
Банк билан боғлиқ нима ишингиз бўлса, 30 декабрга қадар битириб олишни тавсия қиламиз. Ахир банкдагилар ҳам одам, ҳали трансформацияга тўлиқ ўтганимиз йўқ-ку, тўғрими?