Янги йил арафасида ҳокимлардан катта ваъдалар…

Кечагина Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг чиқарган янги қарори ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Бир кило озсанг, 500 000 минг оласан!

Бугун бўш келмаган Андижон вилояти ҳокими ҳам янги қарор белгилабдилар.”Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан чиқиб бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларни барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман. Агарда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва уларнинг атрофидагилар уч ой давомида хонадонлардаги фуқароларни пиёда юришга жалб этишни ташкиллаштириб берса, уларни Дубайга юбораман”, – деган Андижон вилояти ҳокими.

Қанча пул кетса ҳам майли. Мақсад одамларни юргазиш. Бундан ортиқ бошқа нима қилиш керак?”, — дея қўшимча қилди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Лекин бундан олдин ҳам қуйи қатлам вакилари 10000 қадам юриб, 3000 сўм олаётган эди ва бу ҳозиргача давом этяпти. Лекин юқоридаги қарор бизнинг ваҳима қилишимизга арзирмикан? Ҳар ҳолда ҳоким одамларни Дубайга жўнатиш учун пулни ўзини чўнтаги ё маошидан тўламаса керак? Шу ўринда телевизор орқали намойиш қилинаётган қатор кўрсатувлар ёдимга тушиб кетди. Қанақадир ичимлик ишич эвазига аллақандай пул ютиш, машина эгаси бўлиш авж олиб кетган эди бир замонлар ва у ҳозиргача бор. Улар ишончлими ёки йўқ лекин кўпчилик машина ютиш ниятида ҳозиргача ҳаракат қилишади.

Лекин кимсан, вилоят раҳбари гапиряпти-ю, бу ишлар амалга ошмайдими? Ажаб эмас, бир килодан озиб, пиёда юриб, соғлом бўлиб кетган раҳбарларни-ю, одамларни фикрлаш дунёси ҳам тиниқлашиб қолса, ўз масъулиятини янада чуқурроқ ҳис этса… Ҳар ҳолда шундай яхши гумонда бўламиз!

Шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳокими ҳам: “Янги йил якунида ажримлар содир этилмаган ҳар бир маҳалла раисига, маҳаллий бюджетлардан 5 млн сўмдан 10 млн сўмгача мукофот пули беришни йўлга қўйсак, депутатларимиз бунга қарши бўлишмаса, ажримлар кузатилмаган маҳаллалар раисларини юртимиздаги энг яхши санаторияларга ҳам юборамиз”, деб таъкидлаб ўтди.

Мана энди, маҳалла раислари қимирлаб қолган бўлса ҳечам ҳайратга тушмаймиз. Улар неч пул олади, қаерда дам олади, бизга қизиқ эмас. Муҳими, ажримлар сони камайсин, соғлом муҳит шакллансин, инсонлар турмуши фаровон бўлсин!