Қозоғистондаги вазиятда ўзбекистонлик талабалар тақдири нима бўляпти?

Қўшни Қозоғистонда кузатилаётган вазият барчани хавотирга солгани сир эмас. Шунинг билан кўпчиликни қизиқтирган савол эса у ерда ўқиётган талабалар тақдири нима бўлишига бориб тақалмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистондаги бир гуруҳ талабаларни эвакуация қилди. Дунё ААнинг Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига таяниб берган хабарига кўра, Нарикбоев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олган 35 нафар ўзбекистонлик талаба Uzbekistan Airways бортида ватанига қайтган.

Талабаларнинг ота-оналари қўмитаси раиси Тўра Тўраевнинг айтишича, ўтган ҳафтада кўпчилик ўзбекистонликлар қўшни Қозоғистондаги воқеаларни хавотир билан кузатган. Баъзилар бу мамлакатда ўз яқинларининг ҳаётидан қўрқишган. Улар орасида Нарикбаев номидаги Қозоғистон давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабаларнинг ота-оналари ҳам бор эди. 

“Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига барча ўқувчиларнинг ота-оналари номидан фарзандларимизни уйларига қайтариш бўйича амалга оширган муҳим ишлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, – дея қўшимча қилган у.

Шунингдек, “Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Бош консулхоналари одатдагидек ишламоқда ва ушбу мамлакатдаги ватандошлар, жумладан, талабалар билан доимий алоқада. Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади” , дея таькидланиб ўтилган Дўнё ААнинг хабарида.