Ёшлар қаерга қарамай кетяпти?

Бугунги кунда одамларнинг атрофи шу даражада гаджетлар билан қуршаб олинганки, улар нафақат дунёда нималар бўлаётганини, ҳатто, ўзларига ён-атрофда қандай реал хавф яқинлашиб келаётганлигини билмайди.

Сўзимизнинг исботи сифатида Тошкент вилоятида наушник тақиб, темир йўл бўйлаб ҳаракатланган фуқаро тақдири ҳақида гапириб ўтмоқчимиз.

Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг хабар беришича, 3 январ куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидан ўтган поезд туманнинг «Боёвул» МФЙда яшовчи Н.А исмли фуқаронини қулоқчин тақиб чорва молларини боқиб юрган вақтида уриб кетган, натижада эса фуқаро ўзининг эҳтиётсизлиги сабаб вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 6 январ куни ушбу маҳаллада бахтсиз ҳодиса муҳокамаси бўлиб ўтган. Йиғилишда фуқароларга темир йўл атрофларида наушниклардан фойдаланмаслик, йўловчи ва юк поездларининг хавфсиз ҳаракатланишини таминлаш мақсадида темир йўл изининг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтмаслик бўйича тушунчалар берилган.

Умуман олганда, техника асрида техника бизни мағлуб этгани бор гап. Бироқ, баъзи бир ёшлар учун «замонавийлик» белгиси сифатида оммалашиб бораётган иллатлар ҳам салбий ҳолатлар томон етаклаётгани сир эмас. Бундан аввал, Тик-ток платформасига видео олиш мақсадида қанча ёш баландликлардан йиқилгани, вафот этгани, жараоҳатлангани, телефонда гаплашиб кетиши натижасида машина уриб кетгани, «Тотализатор» ўйини орқали ўз жонига қасд қилгани… Бир қарашда бу ҳолатлар эртакдай туйилиши мумкин, лекин бу биз яшаб турган жамиятимизда содир бўлаётган воқеалардир.

Энди эса кўраётган ҳодисалардан хулоса қилиб кўрамиз:
Ёшлар қаерга қараб кетяпти-ю, ёшлар қаерга қарамай кетяпти?

Лайло Эсанмуродова