Диққат: Ўзбекистонда коронавирус хавфли тус олмоқда

​Кеча юртимизда 820 нафардан зиёд кишида коронавирус аниқланди, умумий соғайиш кўрсаткичи 97 фоизга тушди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.

2022 йил 13 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 203297 (+824) нафарни ташкил этмоқда.

Маълумки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Хусусан, COVID-19нинг янги “омикрон” штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираётир.

Афсуски, сўнгги кунларда юртимизда ҳам касалланишлар сони яна орта бошлади. Хусусан, мамлакатимизда “омикрон” штамми аниқланди. Шу сабабли барча юртдошларимиздан дунёдаги мураккаб пандемик ҳолатдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, касалликка қарши тўлиқ эмланишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.