Эскидан қолган бир ривоят бор. Эмишки, бир кампир эчкисини ўғирлатиб қўйиб, шоҳ ёнига арз билан келади. Салтанат султони арзини эшитгач, «ўзингиз ухлаб қолгансиз, эчкини қўриқласангиз бўлмайдими?» дея насиҳат қилади. Биз шу жойида ривоятни тўхтатамизда, бугунги кун воқеасидан сизга бир парча намойиш этамиз.
* * *
Деҳқоннинг ҳут аямажизидан бошлаб кеч кузак-илк қоргача далада чекадиган заҳмати ёлғиз ўзига маълум. Биз сизга етказмоқчи бўлган ҳол қаҳрамони Самарқанд вилояти Ургут тумани Қайроқли қишлоғидан Орзиқул ака Очилов ҳам аёли билан бирга фермердан уч гектар ер ижарага олиб, не машаққатларда ловия етиштиришган эди. Қурғоқчил келган ёз мавсумида ёлланма ишчиларнинг ўзигаёқ ўн беш миллион сўм кетган бу деҳқончиликдан олинган ҳосил ўз эгасини қониқтирди, албатта. Аммо…
Буни қарангки, ўроқда йўқ, машоқда йўқ текин ва осон пул топишни истайдиган каслар уларнинг хирмонини ҳам «бегона қилишмади». Дастлаб 6 январь куни содир этилган ўғрилик бир ҳафта кейин яна такрорланади. Бу сафар янада кўпроқ.
— Ўша куни синглим келган эди уйга. Қишда чеварлик қилиб, ёзда деҳқончилик билан кун кечирамиз. Ўша куни ҳам ярим кечасигача тикиш ишларим билан бўлдим, — дейди хонадон бекаси. — Соат бирларга яқин хўжайиним қўйларга қарашга чиқди-ю, шу гапни олиб келди. Ўғрининг изидан қўшни қишлоққача борибди-ю, ундан уёғига изини йўқотибди…
Ўша куниёқ хонадон эгалари ички ишлар тизимининг 102 фавқулодда хизмат рақамига чиқишади. Аммо, мурожаат эшитилиб, қабул қилинади-ю, ҳеч ким келмайди. Ҳудудий участка нозирига эса, боғлана олишмаган. Маҳалла раиси ҳам бепарво. Ажабо, бутун бошли ўғрилик содир этилса-ю, бир кас «ҳолинг не» демаса.
Машҳура опа Бердиеванинг сўзларига кўра, унга ИИБдан телефон қилишиб, воқеалар ҳақида сўрашган ва ходимлар юборишни ваъда қилишган. Аммо, ўғри уй эгалари томонидан тутилибди ҳамки, ҳеч қанақа ходимлардан дарак йўқ. Ким билсин, 14-январ узоқ муддатли таъсирга эга, шекилли.
Сал қолса, ёдимиздан чиқай дебди: хонадон соҳибаси билан суҳбатлашган Ё. исмли ходим унга «қўриқлаш керак эди, ўғри ўғирлайди-да, олдида ётиш керак эди» деб «қимматли маслаҳатлар» берган (аудиоёзувлар мавжуд).
Файласуф К. Г. Юнг «Фикрлаш жуда мушкул, шу сабабли кўпчилик ўйламай маслаҳат беради» деб бежиз айтмаган кўринади.
* * *
Ҳа, айтганча, ривоятнинг давоми. Шундай қилиб, шоҳнинг маслаҳатига яраша кампир ҳам «мен-ку, ухлаётгандим-а, лекин сизни уйғоқ деб ўйлабман» дея жавоб берибди. Изза бўлган шоҳ кампирга нафақа ва соғин сигир тайин этган экан.
Бундай воқеалар ҳаётда ҳам учрайди, аммо якуни ривоятлардагидек бўлмаслиги аниқ.
Ички ишлар тизими, ўзингизни бир туртиб, уйғонинг. Аҳвол вой.
Камолиддин Аззамов
Мавзуга оид:
Энди Ички ишлар ходимлари устидан шикоят қилиш мумкин!