МИБ ходими ўз вазифасини бажаргани учун “айбдор”ми?

Андижон вилояти Асака туманида фуқаро Мажбурий ижро бюроси ходимини ҳақорат қилиб, унга пичоқ билан жароҳат етказди. Бу ҳақда МИБ Матбуот хизмати маълум қилди. 

Таъкидланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 2021 йилнинг 21 октябридаги ижро варақасига кўра, Асака тумани Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган автошоҳбекатнинг йўловчилар учун мўлжалланган кутиш ҳудудида қарздор А.Ж томонидан ўзбошимчалик билан қуриб олинган савдо дўкони қурилмаси унинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздирилиши белгиланган.

Мазкур суд қарори ижроси бўйича  қўзғатилган суд ҳужжати талабини бажариш ҳақида қарздор бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қонуний талабларни бажармаган. 22 декабрь куни ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатларида қарздор фуқаро иштирок этмагани сабаб бошқа кунга қолдирилган.

Суд қарори ижросини ихтиёрий бажармаганлиги учун 2021 йилнинг 25 декабрь куни А.Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддаси (қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги)га асосан 540 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Шундан сўнг жорий йилнинг 11 январида ноқонуний қурилмани бузиш учун ваколатли идоралар вакиллари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг ўғли С.Ж. дўконда бўлган ошхона пичоғи билан тарафларни қўрқитиб, давлат ижрочиси Х.Меҳмоновга тан жароҳати етказган. Оқибатда мажбурий ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддасига кўра, қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш жинояти содир қилган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида вужудга келаётган низоли вазиятлар, қонун бузилиш ҳолатлари хусусидаги янгиликларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Ушбу муаммоли ҳолатларининг салмоғи аҳоли орасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳужжатларини ижро этиш, ундирувни мол-мулкка қаратиш юзасидан ҳуқуқий онг лозим даражада шаклланмаганидан далолат беради.

Ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилар эканмиз, танганинг икки томонини ҳам унутсаслик лозим. Ҳуқуқ бор жойда мажбуриятлар ҳам мавжуд бўлади. Хусусан, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини белгиланган муддатда ва мақбул усулларда бажариш, мажбуриятларни лозим даражада ижро этиш, давлат ижрочиларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик ва шу каби бошқа мажбуриятлар қонун билан қарздор зиммасига юклатилади. Суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида жавобгарлик белгиланган.

Шундай экан барча фуқароларни қонунларга оғишмай риоя қилишларини сўраймиз.

Шахруза Сатторова